Ливанда 900 мингга яқин одам жанговар ҳаракатлар туфайли уйларини тарк этди
Олам
−
23 Ноябрь
459Ливаннинг 900 мингга яқин аҳолиси Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ўртасидаги жанговар ҳаракатлар туфайли уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига қарашли гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармасининг Ливандаги ваколатхонаси хабар берди.
Таъкидланишича, БМТнинг миграция бўйича халқаро ташкилоти мутахассислари ўз уйларини тарк этган аҳолининг сонини 896,3 минг киши деб ҳисоблайди, уларнинг 51 фоизга яқини аёллардир.
Бошқарма Ливан ҳудудида ички кўчирилганлар учун 1173 та вақтинчалик бошпана мавжудлигини эслатган.
“Улардан 975 таси аллақачон тўлган. Бошпаналар жами 188 мингга яқин одамни ўз ичига олади”, дейилган бошқарма хабарида.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроилнинг Байрут марказига берган зарбаси оқибатида камида 11 киши ҳалок бўлиб, 23 киши яраланганди. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, фавқулодда вазиятлар ходимлари вайроналар орасидан омон қолганларни қидираётган пайтда қурбонлар сони ортиши мумкин. Вазирликнинг қўшимча қилишича, қурбонларнинг шахсини аниқлаш учун ДНК тестларидан фойдаланилмоқда.
Муҳаммад Ҳодиев