Ливан Исроил устидан БМТга шикоят қилди

Олам

image

Ливан Исроилга қарши Бирлашган Миллатлар Ташкилотига шикоят билан мурожаат қилиб, уни сулҳ битими ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1701-резолюциясини бузганликда айблади. Бу ҳақда Ливан Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.

БМТ Хавфсизлик Кенгашига шикоят мамлакатнинг Нью-Йоркдаги доимий ваколатхонаси томонидан юборилган.

ТИВнинг таъкидлашича, Исроил ўт очишни тўхтатиш келишувини бажариш бўйича ўз мажбуриятларини “бутунлай эътиборсиз қолдирган”, шунингдек, 27 ноябрда кучга кирган тегишли келишувга зид бўлган ҳужумларни амалга оширган.

Ливан Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг ўт очишни тўхтатишдан кейин қуруқликдан ва ҳаводан ҳужумлар уюштириб, уйлар ва тураржойларни вайрон қилишда давом этганига эътибор қаратди.

“Нишонлар уйга қайтишни хоҳловчи ливанликлар, шунингдек, минтақада ишлаётган ОАВ ходимлари ва ҳарбийлардир”, дея аниқлик киритди вазирлик.

Баёнотда БМТ Хавфсизлик Кенгаши, хусусан, ўт очишни тўхтатиш бўйича воситачилар, АҚШ ва Франция “Исроилнинг келишувни бузганига жавобан қатъий позицияда бўлишга” ва “Исроилнинг келишувларга риоя этишини таъминлашга ҳаракат қилишга” чақирилди.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 26 январдан бери Исроил ҳужумларида 28 киши ҳалок бўлган, 216 киши жароҳатланган.

Маълумот учун, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 1701-резолюцияси Исроилни Мовий чизиқ орқасидан чекинишга ва Ливандаги Литани дарёси билан ўртасидаги ҳудудни демилитаризация қилишга чақиради, бу ерда фақат Ливан армияси ва Ливандаги БМТ Муваққат тинчликпарвар кучларига (UNIFIL) тегишли қурол ва ҳарбий техника сақланади. Бироқ Ливан жанубидаги Литани дарёси ва Исроил билан чегарадош Мовий чизиқ орасидаги деярли барча ҳудудлар 2000 йилдан бери “Ҳизбуллоҳ”нинг кучли ҳарбий таъсири остида.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 27 ноябрда Ливан ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришилганди. Келишувдан сўнг Исроил армияси 60 кун ичида Ливан жанубидаги босиб олинган ҳудудлардан қўшинларини олиб чиқиб кетиши керак эди. Бироқ Исроил Ливан армияси мамлакат жанубида “тўлиқ ўрнатилмаган” дея ишғол муддатини 18 февралгача узайтирди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Исроил Ливан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг