Литва Тихановскаянинг идорасига дипломатик мақом берди
Олам
−
05 Июль 2021
4469Ўтган йилнинг августидан буён Литвада бўлиб турган Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановскаянинг идораси расмий дипломатик мақомни қўлга киритди. Бу ҳақда Болтиқбўйи Республикаси Ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис маълум қилди.
“Беларусь демократик ваколатхонаси Литвада расмий равишда аккредитациядан ўтди”, деган у.
Вазирнинг таъкидлашича, Тихановская офисининг илтимосига биноан унга расмий мақом берилган. Қайд этилишича, Ташқи ишлар вазирлигидаги брифингда Ландсбергис Тихановскаяга аккредитация тўғрисидаги ёзувни топширган.
“Демократик ваколатхона ўз давлатида амалга оширилгунга қадар Литвада қолиши ва ишлаши мумкин бўлади”, деган вазир.
Унинг сўзларига кўра, бу қадам Литва ҳукуматининг “Беларусь халқи ва Тихановскаяни қўллаб-қувватлаш” сиёсатининг давомидир.
Аввалроқ, Тихановская АҚШ Конгрессида онлайн форматда чиқиш қилгани ҳақида хабар бергандик. У нутқи чоғида “Беларуськалия” ва Мозир нефтни қайта ишлаш заводларига қарши санкциялар қўллашни талаб қилганди.
Бунгача, Светлана Тихановская Чехия парламенти Сенатида Беларусь раҳбари сифатида қабул қилинганди.
Маълумот ўрнида, сўнгги вақтларда Беларусда ички сиёсий мувозанат бузилган. Бунинг илдизи 2020 йилнинг август ойида мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловларига бориб тақалади. Сайлов натижаларига кўра, 80 фоиз овоз билан Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғалаба қилди. Бироқ ушбу натижалар аҳолининг катта қисмида шубҳа уйғотди ва мухолифатнинг чақируви билан мамлакатда намойишлар бошланди.
Бир неча ой давом этган митинг ва маршлар ҳеч қандай фойда келтирмади. Лукашенко ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолди. Мухолифат ҳамда унинг кўплаб тарафдорлари эса Польша, Литва каби Европа давлатларига қочиб кетди ва у ердан сиёсий бошпана топди.
LiveБарчаси