Литва Американинг ядро қуролини қабул қилишга тайёрлигини билдирди

Олам

image

Литва ўз ҳудудида Америка ядровий қуролини жойлаштириш эҳтимоли бўйича АҚШ билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда мамлакат Миллий мудофаа вазири Робертас Каунас журналистларга маълум қилди.

“Financial Times” газетасининг хабар беришича, АҚШ Вашингтон томонидан оддий ҳарбий ёрдамнинг қисқартирилиши уларнинг хавфсизлигини заифлаштирмаслигига иттифоқчиларини ишонтириш мақсадида шу пайтгача ушбу дастурга жалб этилмаган НАТОнинг Европа мамлакатларида ядровий қурол жойлаштириш сценарийсини кўриб чиқмоқда. Газетанинг уч нафар суҳбатдошига кўра, АҚШнинг ядровий зарядларни ташишга қодир бўлган самолётларини жойлаштириш масаласи муҳокама қилинмоқда. 

“Литва, шубҳасиз, бу жараёндан четда тургани йўқ”, дейди Каунас.

Литва Конституцияси мамлакатда оммавий қирғин қуролларини жойлаштиришни тақиқлайди. Бироқ Президент Гитанас Науседа мавжуд таҳдидларни сабаб қилиб кўрсатиб, асосий қонунга ўзгартиришлар киритиш таклифи билан чиққан.

Айни пайтда АҚШнинг ядровий қуролга эга самолётлари Европа Иттифоқининг тўртта давлати – Бельгия, Германия, Италия ва Нидерландия, шунингдек, Туркия ва ўз ядровий қуролига эга бўлган Буюк Британиядаги базаларда жойлашган.

Литва Путин ядровий қурол жойлаштиришга қарор қилган Беларусь билан чегарадош. Май ойида Беларусь ва Россия ҳарбийлари ушбу қуролни қўллашни машқ қилишни ўз ичига олган ўқув машғулотларини ўтказган, Путин ва Александр Лукашенко машғулотлар жараёнини масофадан туриб назорат қилган. Жануби-ғарбда Литва, шунингдек, Россиянинг Калининград вилояти билан ҳам чегарадош ҳисобланади.

Швециянинг SVT телеканали бир йил аввал сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилиб, Россия ўз шимоли-ғарбий чегаралари яқинидаги, жумладан, Калининград вилоятидаги ядровий қурол жойлаштирилиши мумкин бўлган бир қатор базаларни модернизация қилгани ҳақида хабар берган. 2024 йилнинг апрель ойида Польшанинг ўша пайтдаги Президенти Анжей Дуда ушбу вилоятда ядровий каллакли ракеталар жойлаштирилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

Польша раҳбарлари сўнгги ойларда Франция ва Буюк Британия ёки АҚШ томонидан ядровий соябон шаклидаги ҳимояга эга бўлишдан манфаатдор эканликларини билдирмоқда. FT манбаларининг сўзларига кўра, ҳозирда НАТОнинг шарқий қанотидаги давлатлар, жумладан, ўша Польша ва баъзи Болтиқбўйи мамлакатлари Вашингтонга ўз қизиқишларини маълум қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Литва ядро қуроли Америка

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг