Лицей ўқувчилари ОТМга киришга қай даражада тайёр?

Жамият

−

image

Ўзбекистонда академик лицей ўқувчиларининг 25,4 фоизи олий таълим ташкилотларига кириш учун қўшимча тайёргарлик кераклигини билдирган. Бу ҳақда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигининг академик лицейларда ўтказилган умуммиллий сўровнома натижалари бўйича таҳлилида сўз боради.

Тадқиқот 2026 йил 21 мартдан 9 апрелга қадар мамлакатнинг барча 14 та ҳудудидаги 73 та академик лицейда ўтказилган. Сўровномада жами 27 минг 77 нафар респондент, жумладан, 24 минг 557 нафар ўқувчи ва 2 минг 520 нафар педагог иштирок этган.

Натижаларга кўра, ўқувчиларнинг 70,1 фоизи олий таълим ташкилотларига кириш имкониятига тўлиқ ишонишини билдирган. Яна 25,4 фоизи эса бу имкониятга ишонишини, бироқ қўшимча тайёргарлик зарурлигини қайд этган. Шу тариқа, ўқувчиларнинг 95,5 фоизи олий таълимга кириш имкониятини ижобий баҳолаган.

Таҳлил муаллифлари ўқувчиларнинг чорак қисмидан кўпроғи қўшимча тайёргарликка эҳтиёж сезаётганини қабул жараёнига тайёргарликни янада кучайтириш зарурати билан изоҳлаган.

Педагогларнинг 98,6 фоизи ўқувчиларнинг олий таълимга тайёргарлигини ижобий баҳолаган. Шунингдек, ўқитувчиларнинг 88,6 фоизи академик лицейларда илғор таълим усулларидан фойдаланиш бўйича ижобий фикр билдирган.

Бироқ халқаро таълим дастурлари билан интеграция масаласида ижобий баҳолар 60,9 фоизни ташкил этган. Таҳлилда ушбу йўналишда ҳали ривожланиш имкониятлари мавжудлиги таъкидланган.

Ўқувчиларнинг 86 фоизи дарслар сифати ва ўқитувчилар маҳоратидан, 92,8 фоизи эса чуқурлаштирилган фанларни ўзлаштириш даражасидан қониқишини билдирган.

Шу билан бирга, сўровноманинг очиқ жавоблар қисмида ўқув жараёни ва таълим дастурларини такомиллаштириш бўйича 2 763 та таклиф келиб тушган. Уларда имтиҳон ва баҳолаш тизимини яхшилаш масалалари ҳам кўтарилган.

Тадқиқотда академик лицейларнинг ихтисослашув йўналишлари бўйича ҳам фарқлар аниқланган. Педагоглар баҳолари асосида ҳисобланган умумий кўрсаткич тиббиёт йўналишидаги лицейларда 83,6 балл, амалий-техник йўналишда 80,4 балл, педагогика йўналишида 77,8 балл, ижтимоий-гуманитар йўналишда эса 74,1 баллни ташкил этган.

Энг юқори ва энг паст натижалар ўртасидаги фарқ 9,5 баллга тенг бўлган. Таҳлил хулосасида педагогика ва ижтимоий-гуманитар йўналишларда халқаро таълим элементларини кенгайтириш, чуқурлаштирилган таълим мазмунини бойитиш ҳамда ўқув дастурларини замонавий компетенциялар асосида такомиллаштириш зарурлиги қайд этилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг