Лавров Ўзбекистон билан муносабатларни “хавфсизлик омили” деб атади

Олам

image

Москва ва Тошкент муносабатлари Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан йўллаган табрик телеграммасида сўз борган. 

Унинг ишонч билан айтишича, Россия ва Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари бундан буён ҳам икки давлат раҳбарларининг кенг кўламли келишувларига мувофиқ икки томонлама муносабатларни изчил ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади. Марказий Осиё ва умуман Евроосиёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга кўмаклашади. 

Лавров Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сермаҳсул ҳамкорликни юксак қадрлашини билдирган. 

Бундан ташқари, Россия дипломатик идораси раҳбари Тошкент ва Москва кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик ҳамкорлиги руҳида икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг бутун мажмуини ривожлантираётгани, минтақавий ва жаҳон майдонларида мувофиқлаштиришни мустаҳкамлаётганини қўшимча қилган.

“Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон давлат қурилиши, иқтисодий ва ижтимоий юксалиш борасида сезиларли ютуқларга эришди. Кўп жиҳатдан Ўзбекистон дипломатиясининг юқори даражадаги профессионаллиги туфайли бугун республика халқаро ҳамжамиятда муносиб обрўга эга”, дейди Лавров. 

Россия ТИВ раҳбари ўзбекистонлик ҳамкасбига ва мамлакат дипломатик хизматининг барча ходимларига масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар ва фаровонлик тилаган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 август куни Бишкекда, ШҲТ+ саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўртасида учрашув бўлиб ўтганди. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг