Лавров сабаб G20 йиғилишида жамоавий суратга тушиш бекор қилинди

Олам

−

image

АҚШнинг Атланта шаҳрида G20 давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг учрашуви Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштироки сабаб анъанавий жамоавий суратга тушиш маросимисиз ўтказилди. Иштирокчиларнинг 30 фоиздан ортиғи Лавров билан бирга суратга тушишдан бош тортган. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Нашрнинг икки нафар Ғарб расмийсига таяниб хабар беришича, АҚШ томони дастлаб икки хил суратга тушиш вариантини кўриб чиққан: бири Лавров иштирокида, иккинчиси эса усиз. Бироқ якунда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио суратга тушиш маросимини бутунлай бекор қилишга қарор қилган.

АҚШ расмийсининг айтишича, Рубио сурат атрофидаги баҳслар йиғилишнинг асосий мавзуларини сояда қолдириб, ортиқча шов-шувга сабаб бўлишини истамаган. Бошқа бир расмий эса айрим делегациялар умумий суратда иштирок этишни хоҳламагани маълум бўлгач, маросим бекор қилинганини билдирган.

Кеча, 30 октябрь куни Атлантада ўтказилган матбуот анжуманида Сергей Лавров бу вазиятга муносабат билдирди. У “оилавий сурат” атрофидаги баҳсларга тўхталиб, суратда кимнинг ёнида туриш масаласига бунчалик аҳамият берилиши иштирокчиларнинг позициясини кўрсатиб турганини айтган. Шунингдек, Лавров йиғилиш давомида Марко Рубио билан қисқа суҳбатлашганини ва мулоқот анча яхши ўтганини маълум қилган.

Суратга тушиш билан боғлиқ вазият АҚШ ва Европа давлатлари ўртасида Россияга нисбатан сиёсат борасида келишмовчиликлар кучайган бир пайтда юз берган. Манбаларга кўра, учрашув якунида барча давлатлар номидан қўшма баёнот эмас, балки раислик қилувчи томоннинг баёноти эълон қилиниши кутилмоқда. Бунга G20 аъзолари муҳим масалалар бўйича ягона позицияга кела олмаслиги сабаб бўлиши мумкин.

Польша Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорски урушлар давом этаётгани ва уларда иштирок этаётган давлатлар вакиллари бир стол атрофида ўтиргани сабаб умумий позицияга келиш қийинлигини айтган.

Учрашувда Россиянинг Украинага қарши уруши, шунингдек, АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий амалиётларни қайта бошлаши эҳтимоли ҳам муҳокама қилинган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг