Латвия ўзидаги барча вертолётларни Украинага беради
Олам
−
22 Июнь 2023
6266Латвия Бош вазири Кришьянис Кариньш Лондонда ўтаётган Украинани тиклаш бўйича икки кунлик конференцияда нутқ сўзлаб, унинг мамлакати ўзида мавжуд барча вертолётларни Украинага топширишини маълум қилди.
Қайд этилишича, Латвия Украинага аллақачон ялпи ички маҳсулотининг 1,3 фоизи миқдоридаги ҳарбий ёрдамни берган. Шунингдек, мамлакат эндиликда ўзида бор барча вертолётларни Украинага ўтказишни якунламоқчи.
Кришьянис Кариньш конференциядаги нутқи аввалида Россия Украина чегараси яқинида қўшинларини тўплаши фонида 2022 йилнинг ноябрь-декабрь ойларидаёқ Украинага Stinger'ларни юбориш ҳақида қарор қабул қилганини таъкидлаган. Россия босқинидан бир кун аввал Киевга етказиб берилган мазкур қуроллар Украина томонидан мудофаани мустаҳкамлаш учун фойдаланилган.
“Ўша вақтдан бери ҳукуматимиз ЯИМнинг 1,3 фоизини ташкил этувчи барча турдаги ҳарбий ёрдамни Украинага берди. Шундай қилиб, ҳозирда бизнинг барча Stinger ракеталаримиз Украинада. Бизда вертолётлар парки бор эди. Уларнинг барчаси (сўнггилари фойдаланишга яроқли бўлиши ва яхшироқ кўриниши учун бўялмоқда) Украинага жўнатиляпти.
Шунингдек, Латвия украиналик аскарларни тайёрлаш, уни ўқ-дори ва дронлар билан таъминлашни давом эттириши маълум қилинган.
Бундан ташқари, ҳукумат ҳам, фуқаролик жамияти ҳам Украинага тезкор ва самарали гуманитар ва молиявий ёрдам кўрсатаётгани айтилган.
"Шундай экан, биз халқ сифатида украинларни тушунамиз. Чунки улар нима учун курашмоқда? Улар кўп нарса учун жанг қиляпти, лекин буни учта қадриятга: эркинлик, демократия ва қонун устуворлиги билан боғлаш мумкин. Биз ҳаммамиз булар ҳақида гапирмоқдамиз. Барчамиз озодлик курашчиларимиз, аммо, дўстлар, ҳозир украиналиклар озодлик учун курашувчилар, биз эса озодлик тарафдорларимиз”, деган Латвия Бош вазири.
Кариньш, шунингдек, Украинани Европа Иттифоқи ва НАТОга тўлиқ интеграция қилиш зарурлигини ҳам таъкидлаган. Бундан ташқари, у Россиянинг музлатилган барча активлари Украинани қайта тиклаш учун ишлатилиши кераклигини қўшимча қилган ҳамда Россия раҳбариятини содир этилган барча жиноятлар учун жавобгарликка тортиш зарурлигини айтган.
"Шундай экан, биз ҳамжиҳат бўламиз, Украина билан ва унинг ортида турамиз. Ва якунда биз ғалаба қозонамиз. Слава Украине!" дея сўзини якунлайди Латвия ҳукумати раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша ўзида бор барча МиГ-29 қирувчи самолётларини Украинага берганини маълум қилган эди.
LiveБарчаси