Ла Лига президентига қарши иш очилди
Спорт
−
22 Ноябрь 1264 2 дақиқа
Спорт бўйича маъмурий суд (TAD) Ла Лига президенти Хавьер Тебасга нисбатан “Барселона”нинг “Камп Ноу” VIP-ўриндиқлари билан боғлиқ махфий молиявий маълумотларни ошкор қилгани учун интизомий иш очди. Бу ҳақда AS хабар берди.
Шикоят Спортда ошкоралик ва демократия ассоциацияси президенти Мигель Анхель Галан томонидан берилган бўлиб, иш ҳозир Спорт бўйича маъмурий суд орқали кўрилмоқда. Агар TAD Тебасни қоидабузарликда айбдор деб топса, у икки ойдан бир йилгача вақтинча дисквалификация ёки лавозимидан четлатилиши мумкин.
Жорий йилнинг апрелида Ла Лига “Барселона” молиявий фейр-плей қоидаларини бузганини, “Камп Ноу”даги 475 VIP-ўриндиқлар сотилиши натижасида 100 миллион еврони ҳисобларда вақтида кўрсатмаганини эълон қилди. Орадан беш кун ўтиб, “Барселона” Тебасни махфийликни бузганликда айблаб, маълумотларни ошкор қилишга рухсат бермаслигини даъво қилган. Шундан сўнг, Ла Лига ўз веб-сайтида ва бошқа расмий каналлардан баёнотни олиб ташлаган эди.
Испания миллий спорт кенгаши (CSD) тергов давомида “Барселона” молиявий маълумотларининг ошкор қилиниши потенциал жиддий қоидабузарлик эканлигини аниқлади. Ушбу маълумотлар Ла Лигага клуб томонидан молиявий фейр-плей қоидаларига мувофиқ тақдим этилган ва махфий ҳисобланган. Регламентнинг 5-қоидаси бундай маълумотларнинг ошкор қилинишини тақиқланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Барселона Апелляция суди “Барселона” клуби президенти Жоан Лапортага нисбатан 100 минг евролик фирибгарлик иши бўйича тергов бошлашни буюрган эди.