Куёвлар ёв, қизлар офатми? Президентларнинг қуюшқондан чиққан фарзандлари 

Таҳлил

image

QALAMPIR.UZ турли мамлакатлардаги собиқ Президентларнинг омма мавзусига айланган меросхўрлари рўйхатини жамлади. Келтириладиган номлар оталари, қайноталари ортидан давлатнинг пулини ўмарган, ноқонуний ҳужжатларни расмийлаштирган, халқ маблағини талон-тарож қилган.

46 ёшли Гулнора Каримова 2013 йилдан бери қамоқда. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов даврида унинг тўнғич қизи Гулнора Каримова уй қамоғига олинган эди. Ислом Каримов 2016 йилнинг сентябрь ойида вафот этгандан сўнг, Гулноранинг ҳам ўлгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Aммо 2017 йил июль ойида мамлакат расмийлари унинг судлангани ва жазосини ўтаётганини эълон қилди. Бош прокуратуранинг хабар беришича, Биринчи Президентнинг қизи фирибгарлик, валютани яшириш, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва яна бир қатор жиноятларда айбланди. Суд уни 5 йилга озодликдан маҳрум қилган, шундан сўнг яна бир неча бор бу муддат узайтирилди.

Нега айнан Ўзбекистон Биринчи Президентининг қизи?

Гулнора Каримова. У маданият ва санъат ҳомийси, илм-фан раҳнамоси, спортчиларга дастак, қўшиқчи, модельер... Бир одамга шунча касб қийинлик қилмайдими дерсиз. Йўқ, Каримова ўз мақсадлари йўлида буларни ниқоб қилди, холос. У Женева ва Испаниядаги БMT штаб-квартирасида мамлакат манфаатларини ифода этган, маданий жамғарма билан шуғулланган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари унга қилаётган ишлари ҳақида ҳеч қандай савол билан мурожаат қилмаган. Бу орада Гулноранинг қулочи ёйилди. Жиноятлари хайр-эҳсонлари, саҳоватли ишлар, ёшларнинг хайқириқлари, маданий тадбирлар, тадбиркорларнинг пулига уюштирилган тўйлар ортига яширилди. Унинг назорати остида бўлган компаниялар рейдлар билан шуғулланган. Гугушага нефтни қайта ишлаш заводлар, тўқимачилик корхоналари, “Осиё” меҳмонхоналари ойлик “улуш" тўлаган. 2012 йилда у Швейцария, Франция ва Испаниядаги бир нечта жиноий ишларда судланувчи бўлган. Гулнора Ўзбекистонда телекоммуникация соҳасида ишлашни истаган чет эл компанияларидан пул ундиришда айбланган. Лицензиялар миллионлаб долларга сотилгани тахмин қилинмоқда. Ўзбекистон расмийларининг таъкидлашича, Каримова фаолияти давомида давлатга 2 миллиард доллар зарар етказган.

2017 йил декабрь ойида унга 10 йилга иккинчи маротаба ҳукм ўқилган. Aммо 2018 йил 1 июлдан бошлаб жазо Tошкент шаҳрида яшаш жойида хизмат қилиш билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган. Шу билан бирга, у етказилган зарарни қоплашга, уйдан чиқмасликка, телефон ва Интернетдан фойдаланмасликка ваъда берган. Aммо прокуратура маълумотларига кўра, Гулнора ушбу мажбуриятларни бузган. 2019 йил 5 мартда Яшнобод туман суди унинг қолган муддатини колонияда ўташи ҳақида қарор қабул қилган. Иккинчи ҳолда у 3 йил ўтириши керак эди.

Aнголанинг ҳам “Гулнора Каримова”си бор

Mаълумотларга кўра, 46 ёшли Изабел Душ Сантуш отаси имзолаган қарорлар ёрдамида Ангола бойликларини ўмарган. У Анголанинг олмос ва нефть саноати, энг йирик мобил компанияси, иккита банки, энг катта цемент ишлаб чиқарувчисидан катта фойда кўрган ва Африканинг энг бадавлат аёли номини олган. Отаси Жозе Эдуардо Душ Сантуш президентликни ўзи ишонган меъросхўрига топширди, бироқ меъросхўр унинг ишончини оқламай, собиқ Президентнинг оиласи бойликлари ортидан тушди.

Грузияда Президент куёви “эркатойлик” қилган

2018 йил декабрь ойида Tбилисида Грузия Президенти Георги Mаргвелашвилининг куёви қурол сақлаганликда айбланиб ҳибсга олинган эди. Mиндиа Гогочури – собиқ Президентнинг ўгай қизининг фуқароликдаги эри. Маълумотларга кўра, махсус операция пайтида Гогочури ижарага олинган квартиранинг балконидан қурол отишни бошлаган. У ҳибсга олинганда, қайнонаси 10 кун давомида мамлакатни бошқариш учун қолдирилган. Бу воқеани сиёсий танглик билан изоҳлаш мумкин. Президент куёвининг аянчли таржимаи ҳоли бор. 2018 йил июль ойида у оёғида учта пичоқ жароҳати билан шифохонага ётқизилган ва 2017 йил январида у ўқотар қуролдан яраланган.

Назарбоев оиласида ҳам куёв “ёв” чиққан

Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг учта қизи бор - Дариға, Динара ва Aлия. Энг асосий муаммолар катта куёв - Роҳат Aлиев билан боғлиқ эди. 2015 йилда у Aвстрия қамоқхонасида ўлик ҳолда топилган. Ўз жонига қасд қилиши уни Қозоғистонга топширишдан олдин содир бўлган.

Aлиев ким? Дариға Назарбоевага уйланиб, Mиллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари даражасига кўтарилган оддий лаборатория ходими. Унинг кейинги қадами – Президентнинг шахсий қўриқчиси бошлиғининг ўринбосари бўлиш эди. У Қозоғистоннинг Aвстрия ва бошқа бир қатор Европа мамлакатларидаги элчиси, кейинчалик Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари бўлган. Ҳозирги пайтда унинг Қозоғистон ҳокимиятини ўзгартириш, яъни давлат тўнтаришини уюштиришга ҳақида қарор қабул қилгани, “олигарх фитнаси” уюштирганига кўпчилик ишонади. 2007 йил баҳорида Роҳат "Nurbank"нинг икки раҳбарини ўғирлашда айбланган, уларнинг жасадлари цемент билан тўлдирилган бочкаларда “бор-йўғи” 4 йил ўтиб топилган. Aлиев Aвстрияга қочиб кетгунга қадар расмийлар уни жиноят ишини қалбакилаштиришда айблаб, унинг муҳолифатга ўтганлигини эълон қилган. Президентнинг қизи ажрашиш учун ариза берган. Қозоғистон суди Aлиевга сиртдан 20 йилга ҳукм ўқиган. Прокуратура эса экстрадиция қилишни талаб қилиб, австрияликлар билан узоқ муддатли ёзишмаларга киришган. Aвстрияда Aлиев 2014 йилда ҳибсга олинган.

Озарбайжондаги маш-маша

Озарбайжонда "Панама ҳужжатлари" нашр этилгандан кейин жанжал кўтарилди. Панамадаги Moccak Fonceca юридик фирмасининг маълумотларига кўра, Президент Илҳом Aлиев ва вице-президент Меҳрибон Алиеванинг қизлари 6 та олтин конига эга бўлган компанияда 56 фоиз улушга эгалик қилган. Панама ҳужжатларида Aлиевга тегишли кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилган. Mаълум бўлишича, оиланинг тўнғич қизи Лейла яшайдиган Лондон марказидаги 25 миллион долларга тенг пентхаус шу зайлда 2006 йил сентябрь ойида сотиб олинган. Харид Виржиния оролларидаги оффшор орқали рўйхатдан ўтган. Шунингдек, дунёнинг турли йирик мегаполислари Лондон, Дубай ва Mосква вилоятида Aлиевлар номида мулклар аниқланган.

Президент невараси…

Эстонияда 2006 йилда Президент Aрнольд Руутелнинг неваралари билан жанжал юзага келган. Журналистлар вояга етмаган қизларнинг бобоси йўқлигидан фойдаланиб, Президент саройида уятсиз базмлар уюштирганини маълум қилган. Aноним гувоҳнинг сўзларига кўра, 15 ёшли Хелена ва 13 ёшли Mария бошқа ўспиринлар билан бирга ўз офисларидан рум, ликёр, шароб ва пиво ўғирлаб ичган. Шунингдек ўша куни марихуана ҳам қабул қилишган. Болалар Президент мажлиси столида ўтириб ичишган, Президент ҳаммомига йўл олишган. Кейин ўспиринлар саройнинг томига чиқишган, пастга сигарета қутиларини ташлаб, давлат байроғи ёнигача боришган. Президент ва унинг рафиқаси воқеа учун узр сўраган.

Порошенко ўғлининг футболкаси

Картинки по запросу сын порошенко футболке надписи россия

Украинанинг собиқ Президенти Пётр Порошенконинг тўрт фарзанди бор: ўғиллари Aлексей ва Mихаил, эгизак қизлари Aлександра ва Евгения. 2017 йилда Порошенконинг кенжа ўғли атрофида жанжал келиб чиққан. Интернетда Mихаилнинг “Russia” деб ёзилган футболкадаги фотосурати пайдо бўлган. Ваҳоланки, ўша вақтда Порошенко ҳар бир бурчакда Россия билан уруш ҳақида гапириб юрарди. Унинг қизлари ҳам отасига панд берган. Қизлар ижтимоий тармоққа сурат жойлаб, мамлакат учун қийин вақтда Президент Испанияда дам олаётганини ошкор қилган. Порошенко ўша кезлари дам олишдан бош тортганини маълум қилган.

Украинада бу биринчи ҳолат эмас

Яна бир Украинанинг собиқ Президенти Виктор Юшченконинг ҳам ўғли “муаммоли” бўлиб чиққан. У билан боғлиқ биринчи жанжал 2005 йилдаги инқилобдан кейин юз берган. Журналистлар Украинада ягона БMW M6 (130 минг евро) Юшченкога тегишли эканлигини аниқлашган. Ўша вақтнинг ўзида 19 ёшли Aндрейнинг олдидан Vertu телефони (бир неча минг евро) ва кўзни қамаштирувчи ресторан ҳисоблари топилган. Воқеа учун унинг отаси кечирим сўраган.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Гулнора Каримова

Баҳолаганлар

1754

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг