Кушербоев “снос”га мораторий жорий этиш таклифи билан чиқди
Жамият
−
11 Декабрь 2020
5178Ўзбекистонда “снос” масаласи яқин йиллардаги энг “бошоғриқ” муаммолардан бири бўлиб қоладиганга ўхшайди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев таъкидламоқда.
“Афсуски, компенсацияни қоплаш учун маблағ бор ёки йўқ эканлигига қарамай “ура-ура”чилик оқибатида қисқа вақт ичида кўплаб хусусий мулкларга зарар етказилди, айримларда хусусий мулк дахлсизлигига бўлган ишонч синди ва синмоқда”, дейди депутат.
У сўзида давом этиб, бугун етказилган зарарларни қоплаш ўлганнинг устига тепгандек кўпгина режаларнинг тўхтаб қолишига ҳам сабаб бўлаяпти. Бу ҳолат ривожланиш кафолати бўлган инвестиция жалб қилишга салбий таъсир кўрсатиши эса масаланинг бошқа томони экани қайд этилган.
“Бировнинг пешона тери билан қурган жойини асоссиз, розиликсиз бузишни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бунга йўл қўйиш зулм билан баробар, зулм эса ёмон…
Шу билан бирга инвестиция жалб этишда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш энг муҳим талаб эканлиги ва асосий иш ўрни яратувчи, солиқ тўловчилар ҳам хусусий мулк эгалари бўлган тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келишини инобатга олсак, айнан “снос” масаласида маълум муддатга мораторий эълон қилиш айни пайтда муаммони ечишнинг тўғри йўли эканлигини кўрсатмоқда”, дейди депутат ҳолатга ечим таклиф қиларкан.
Унинг таъкидлашича, токи мораторий бўлмас экан жойлар алоҳида гуруҳларнинг манфаати учун бузилиши, ерлар асоссиз олиб қўйилишда давом этавериши мумкин.
“Снос”га қарши мораторий айрим жойларда хусусий мулк дахлсизлиги нима эканлигини тушунмайдиган, Конституция ва қонунлардаги талаблардан чуқур хабардор бўлмаган фаол “ижрочи”ларнинг қаернидир бузиб, ерни олиб қўяман, деган фикридан воз кечиб, шу юрт келажаги учун ўз ҳаракатларини ўйлаб кўришга ундаган, фуқароларда эса ишонч уйғотиб, инвестиция иштиёқини оширган бўлар эди.
Биз нафақат қоғозда балки амалда ҳам хусусий мулк дахлсизлиги таъминланган, турмуши фаровон, Конституцияси устувор жамиятда яшашни истаймиз холос”, дея сўзини якунлаган Кушербоев.
LiveБарчаси