Курдлар Эронга қарши қўзғолон кўтариш шартини айтди
Олам
−
07 Март 16866 2 дақиқа
Эроннинг “Курдистон эркин ҳаёт партияси” (PJAK) қуролли аъзолари аллақачон Эрон ҳудудида ва қўзғолонга шай, бироқ улар АҚШ қўллаб-қувватлашисиз ҳаракат бошламайди. Бу ҳақда партия ҳамраиси Амир Карими “Axios” нашрига маълум қилди.
“Ўтмишда иккита йирик қўзғолон қўллаб-қувватловсиз қолиб кетди, бу эса режимга ўз мавжудлигини узайтириш имконини берди”, дейди у.
Карими, шунингдек, ташкилот АҚШ расмийлари билан алоқада эканини, аммо Исроил ҳукумати ёки унинг “Моссад” разведка хизмати билан алоқаси йўқлигини маълум қилди.
PJAK’нинг жанговар қаноти “Шарқий Курдистон мудофааси” (HRK) деб аталади. 2000-йилларнинг бошидан бери у Эронда курд мухториятини ўрнатиш мақсадида Эрон ҳукумати билан қуролли можаро олиб бормоқда. Туркия, АҚШ ва Эроннинг ўзида HRK террорчи ташкилот деб тан олинган.
“Бизнинг баҳолашимизча, ерусти қўшинларисиз режимни ўзгартириш имконсиз ва биздаги маълумотларга кўра, АҚШ бу ҳудудларга қўшин юбормаяпти”, дейди Ироқ курдлари вакили бўлган исми ошкор этилмаган мулозим.
Маълумот учун, “Курдистон эркин ҳаёт партияси” – Эрондаги курдларнинг маданий ва сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ҳамда ўз тақдирини ўзи белгилаш учун курашувчи курд ҳарбий-сиёсий ташкилотидир. У Туркиядаги “Курдистон ишчи партияси”нинг Эрондаги аналоги ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Разведка вазирлиги мамлакат ғарбий чегаралари яқинида курд қуролли гуруҳларининг позицияларига зарба берилганини маълум қилганди. Операция Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси билан ҳамкорликда ўтказилган ва гуруҳларга тегишли базалар ҳамда ўқ-дори омборлари йўқ қилинган.
Live
Барчаси