“Кўпроқ одамларни огоҳлантириш мумкин”. ФВВ масжидларга сиреналар ўрнатилиши сабабини тушунтирди
Жамият
−
13:04 1455 2 дақиқа
Ўзбекистондаги 7 та вилоятда жойлашган 272 та масжидга аҳолини фавқулодда вазиятлардан эрта огоҳлантириш учун махсус қурилмалар ўрнатилди. Улар орқали фавқулодда вазиятларда аҳолига тезкор хабарлар етказилади. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда республиканинг турли ҳудудларидаги масжидларга сиреналар ўрнатилаётгани ва улар синовдан ўтказилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. ФВВ маълумотига кўра, бу ишлар вазирлик ва БМТ Тараққиёт дастурининг қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.
Маълум қилинишича, махсус қурилмалар табиий хавфлар юқори бўлган Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги масжидларга ўрнатилган. Улар орқали вазирликнинг тезкор хабарларини масжидларнинг ташқи овоз кучайтиргичлари ёрдамида кенг жамоатчиликка етказиш мумкин.
ФВВ матбуот хизматининг тушунтиришича, масжидлар маҳаллий аҳоли орасида катта таъсирга эга бўлган ижтимоий муассасалар ҳисобланади. Шу сабабли улар орқали фавқулодда вазиятлар ҳақида кўпроқ одамларни огоҳлантириш мумкин. Шунингдек, масжидларни қуришда биноларнинг зилзилабардошлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Қайд этилишича, мазкур тизим орқали тахминан 6,5 миллион нафар аҳолини, жумладан, аёллар, эркаклар, болалар ва аҳолининг заиф қатламларини фавқулодда вазиятлар ҳақида тезкор хабардор қилиш имконияти яратилади. Бундан ташқари, мобил алоқа ёки электр таъминотида узилишлар юз берган тақдирда ҳам огоҳлантириш хабарларини етказиш мумкин.
Шунингдек, ФВВ мамлакатнинг барча ҳудудларида фавқулодда вазиятлар хавфи ҳақида аҳолини тезкор огоҳлантириш тизимини йўлга қўйиш устида ишламоқда.
Live
Барчаси23 Октябрь