Кўпхотинлилик ва юзни тўсиб юрганлик учун жарима белгиланди
Жамият
−
01 Ноябрь 2023
51027Шавкат Мирзиёев томонидан кеча, 31 октябрь куни имзоланган қонун билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра кўп хотинлилик ва юзни тўсиб турувчи кийимларни кийганлик учун жарима белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Унга кўра, икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни рағбатлантирганлик учун БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 млн 950 минг сўмдан, 9 млн 900 минг сўмгача) миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси тайинланади.
Шунингдек, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш ҳам БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсиб юрган шахсга нисбатан БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 4 млн 950 минг сўмгача) миқдорда жарима қўлланилиши белгиланди. Ушбу ҳолатдан тиббий рухсатнома мавжудлиги, ходимнинг иши ушбу вазиятни тақозо этиши каби баъзи истиснолар мавжуд.
Маълумот учун, бир неча ой олдин депутатлар томонидан Олий мажлисда муҳокамага қўйилган ушбу қонунни сенат тасдиқлаганди. Қонун Президент тасдиқлагандан сўнг, бугун, 1 ноябрдан бошлаб расман кучга кирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаров аёлларнинг бурқада юриши бўйича фикр билдирганди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь