Кўп қаватли уйлар деворида Олимпиада ғолибларига атаб мурал яратилади
Спорт
−
11 Август 2021
8978Токио-2020 Олимпиадасида совринларга эга чиққан Ўзбекистон спортчиларнинг ғалабаларини кўп қаватли уйлар деворида мурал кўринишида тарихга муҳрлаш режалаштирилмоқда. Ўзбек рассомлари, “Novda Group” иллюстраторлари шундай таклиф билан чиқди.
Лойиҳага кўра, фақатгина Токио-2020 Олимпиадаси ғолибларининг эмас, афсонавий спортчи Оксана Чусовитина мурали ҳам кўп қаватли уй деворига муҳрланади. Токио-2020 Чусовитина фаолиятидаги 8-Олимпиада бўлди. У ўз спорт тури бўйича бу борада мутлақ рекордчи ҳисобланади.
Эътиборингизга “Novda Group” томонидан Олимпиада чемпионлари мавзусига бағишлаб яратилган мурал концепцияларини тақдим этамиз.
Муаллифларнинг таъкидлашича, ушбу асар спортчилар ва мураббийларнинг машаққатли меҳнати учун ўзига хос ёдгорлик ва ҳурмат тимсоли, шунингдек Ўзбекисстон мустақиллигининг 30 йиллигига совға бўлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 июль – 8 август кунлари Токио шаҳрида XXXII Олимпия ўйинлари ўтказилди. Унда Ўзбекистон вакиллари Улуғбек Рашидов (таэквондо), Акбар Жўраев (оғир атлетика) ва Баҳодир Жалолов (бокс) олтин медаль соҳиби бўлди. Давлат Бобонов (дзюдо) ва Бекзод Абдураҳмонов (эркин кураш) эса бронза медалини қўлга киритди.
Ўзбекистонлик спортчилар 9 август куни Ватанга қайтди. Уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа масъуллар кутиб олди.
LiveБарчаси