Кўмир нархини давлат томонидан белгилаш амалиёти бекор қилинади

Жамият

image

Жорий йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистонда кўмир нархини давлат томонидан белгилаш амалиёти бекор қилинади. Бу ҳақда бугун, 26 май куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган кўмир саноатида бозор механизмларини жорий этиш, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва янги инвестиция лойиҳалари юзасидан тақдимотда сўз боради.

Қайд этилишича, тақдимотда кўмир нархларини шакллантиришни бозор тамойилларига ўтказиш масаласи кўриб чиқилган.

Амалдаги тартибда нархларни маъмурий белгилаш ишлаб чиқарувчиларнинг молиявий барқарорлигига, янги инвестиция киритиш ва қазиб чиқариш ҳажмини ошириш имкониятларига таъсир кўрсатаётгани қайд этилган.

Шу муносабат билан 2026 йил 1 июндан бошлаб кўмир нархларини давлат томонидан белгилаш амалиётини бекор қилиш ҳамда кўмирни давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли товарлар стратегик турлари рўйхатидан чиқариш таклиф қилинган. Бунда кўмир нархи талаб ва таклиф асосида шаклланади, истеъмолчиларга биржа савдолари орқали сотилади.

Қайд этилишича, ушбу ёндашув соҳада очиқ рақобат муҳитини яратиш, барча иштирокчилар учун тенг шароит таъминлаш, ишлаб чиқарувчиларни қўшимча ҳажм ва сифат учун рағбатлантиришга хизмат қилади. Иссиқлик электр станциялари ва йирик истеъмолчилар кўмирни “таклиф сўрови” тартиби асосида, ҳисобот давридаги ўртача биржа нархларида харид қилиши мумкин бўлади.

Аҳоли ва бюджет муассасаларини кўмир билан барқарор таъминлаш учун алоҳида механизм жорий этилади. Кўмир қазиб чиқарувчилар маҳсулотни биржа савдоларида алоҳида савдо майдончаси орқали етказиб берувчи тадбиркорларга сотади. Тадбиркорлар омборхонаси, техникалари ва солиқ рейтинги каби мезонлар асосида электрон тизим орқали танланади.

Республика бўйича аҳоли ва бюджет ташкилотларига етказиб бериладиган кўмир нархлари ўртасидаги тафовутни бартараф этиш мақсадида темир йўлда ташиш ягона тариф асосида амалга оширилади. “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамияти фаолияти тугатилиб, ҳудудлардаги 96 та кўмир омбори ва техникалар аукцион савдолари орқали сотилади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Mycoal.uz портали орқали кўмир сотиб олган Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга жорий йил июнь-декабрь ойларида 600 минг сўмгача бир марталик моддий ёрдам ажратилади. Бу чора бозор механизмларига ўтиш шароитида эҳтиёжманд оилаларни манзилли ҳимоя қилишга қаратилган.

Импорт кўмир сифати ва экологик хавфсизлиги бўйича ҳам янги талаблар белгиланади. Республика ҳудудига олиб кириладиган кўмирнинг олтингугурт миқдори, калорияси ва бошқа кўрсаткичларига талаблар ишлаб чиқилади. Белгиланган экологик ва сифат талабларига жавоб бермайдиган импорт кўмирдан республика ҳудудида фойдаланиш ва уни сотиш тақиқланади. Келгусида кўмир импорти фақат темир йўл орқали амалга оширилади.

Тақдимотда Нишбош кўмир конини ўзлаштириш инвестиция лойиҳаси ҳақида ҳам ахборот берилган. Ушбу лойиҳанинг умумий захираси 233 миллион тонна, йиллик қазиб чиқариш қуввати 10 миллион тоннани ташкил этади. Қиймати 494 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида 880 та янги иш ўрни яратилади.

Шунингдек, ушбу кон негизида умумий қуввати 1,4 гигаватт бўлган янги иссиқлик электр станциясини қуриш таклиф қилинди. Лойиҳага кўра, 1,3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, ҳар бири 350 мегаватт қувватга эга 4 та энергоблок ультра юқори критик технологиялар асосида қурилади.

Қурилиш даврида 1500 та, лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, 310 та янги иш ўрни яратилади. Станция йилига ўртача 9,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариши, 2 миллиард куб метр табиий газни тежаш имконини бериши кутилмоқда.

Шунингдек, тақдимотда тоғ-кон саноатида маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган. Хорижий инвестиция лойиҳаларида маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш, йирик комбинатлар ва тармоқ корхоналари эҳтиёжларини бирлаштириш, узоқ муддатли шартномалар асосида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилган.

Таҳлилларга кўра, тоғ-кон саноатида импорт ўрнини босиш салоҳиятини 2,1 миллиард долларгача етказиш имконияти мавжуд. Бу, аввало, техника, эҳтиёт қисмлар, кимёвий реагентлар ва йирик агрегатлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобига таъминланади. Шу муносабат билан 2027-2030 йилларга мўлжалланган тоғ-кон саноатида маҳаллийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш топширилган.

Давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Кўмир нархи кўмир саноати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг