Кулеба Киев учун энг катта муаммо нималигини айтди
Олам
−
29 Август
9637Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Киев Россия Федерацияси билан тўқнашувда дуч келадиган энг катта муаммо иттифоқчиларнинг можаро кучайиб кетишидан хавфсираб, Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтиришдан қўрқиши эканини айтди. Бу ҳақда “Европейская правда” хабар берди.
“Можаро жуда кўп ресурслар, пул, куч, техникани олади. Аммо энг катта муаммолар ҳар доим одамлардан бошланади. Россия босқини бошланганидан бери Украина дуч келган энг катта муаммо шундаки, иттифоқчиларимизнинг қарор қабул қилишида можаронинг кучайишидан қўрқиш устунлик қилди. Сиз буни билмаслигингиз мумкин, аммо Украинанинг янги турдаги қуролларни тақдим этиш бўйича ҳар бир сўрови дастлаб рад этилди. Агар эскалациядан қўрқиш иттифоқчиларнинг қарорига таъсир қиладиган асосий омил бўлмаганида эди, Украина ҳозир анча яхши ҳолатда бўлар эди ва зарур қуролларни анча олдинроқ олган бўлар эди”, дейди вазир.
Кулебанинг фикрича, можаронинг кечикиши украиналикларнинг ҳаётига зомин бўлган ва Украина иқтисодиётига таъсир қилган.
“Энг катта қийинчилик иттифоқчиларни Москванинг реакцияси ҳақида ўйламасдан, Киевни қўллаб-қувватлашга ишонтиришдир. Россияликлар бизнинг ҳудудимизга юз минглаб ракеталар ва снарядларни ташлади. Нима учун? Чунки улар жуда аниқ стратегия ва мақсадга эга –Украинани йўқ қилиш. Россиянинг реакциясидан қўрқманг, биз қўрқмаймиз. Биз ҳеч нарсадан қўрқмаймиз. Бизга ёрдам беринг. Бизга керак бўлган нарсани беринг. Биз бу урушда ғалаба қозонамиз ва кейин тарих китобларида қандай қилиб биргаликда қарор қабул қилганимизни ўқиймиз”, дея таъкидлади Украина ТИВ раҳбари.
Украина ТИВ матбуот хизматининг хабар беришича, Кулеба икки томонлама учрашув ва польшалик мавқедоши билан қўшма панелда иштирок этиш доирасида кенг кўламли масалаларни батафсил муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Украина иттифоқчилари Россиянинг мамлакат ҳудудига янги йирик ҳужумлари муносабати билан ҳарбий ёрдамни кенгайтириш ниятида эканини эълон қилганди.
Зебо Туробжонова