Кучлилар ҳар доим ҳам ҳақ бўлавермайди – АҚШ элчиси ўзбекистонликларга сиёсий табрик йўллади
Олам
−
21 Март 2022
27729Биз фарзандларимизга шундай фаровон келажак қолдиришимиз керакки, унда кучлилар ҳар доим ҳам ҳақ бўлавермайди. Бу ҳақда Америка Қўшма Штатлари элчиси Дэниел Розенблюмнинг Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистон йўллаган табригида айтилади.
АҚШ элчисининг умумхалқ байрамларида ўзбекистонликларга табрик йўллаши анъанага айланган. Унинг галдаги табриги аввалгиларига нисбатан анча сиёсий кўринишга эга. Жумладан у шундай дейди:
“Америка Қўшма Штатлари халқи номидан барчангизни баҳор байрами – Наврўз билан табриклайман. Ўзбекистонга баҳор келар экан, об-ҳаво ва табиат янада гўзаллашиб кетади. Бу эса баҳор келганини байрам қилиш учун жуда қулай фурсатдир.
Ўтган йили Наврўздан кейинги давр мураккаб кечди. Жуда кўп одамнинг касал бўлгани, жуда кўпчилик зўравонлик ва шафқатсизлик қурбонига айлангани дилимизни хира қилди. Аммо биз фарзандларимизга фаровон келажак барпо этиш учун ишлашда давом этишимиз шарт. У мустаҳкам соғлик ва тинч ҳаёт кечириладиган келажак бўлмоғи керак. У халқлар ва миллатлар бир-бирини ҳурмат қилувчи келажак бўлиши лозим. У шундай бир келажакки, унда кучлилар ҳар доим ҳам ҳақ бўлавермайди.
Наврўз рухимизга тиниқлик бахш этади. Мен байрамни нишонлаш учун парк ва бошқа жамоат жойларига кетаётган одамларни учратаман. Улар мазали сумалак пиширишади, ўз дўстлари ва яқинлари билан турли баҳорий ўйинлар ўйнашади. Ўзим тоғлар бағрига чиқиб, чиройли бодом гулларидан завқланишни режа қилмоқдаман. Барчангизга соғлик, давомий тинчлик ва мўъжизаларга бой баҳор тилайман. Наврўз айёмингиз муборак бўлсин”.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь