Кубага босим: Рубио Кубани АҚШ учун “таҳдид” деб атади
Олам
−
22 Май 1166 2 дақиқа
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Кубани Америка Қўшма Штатлари учун “миллий хавфсизликка таҳдид” деб атади ва Гавана билан тинч келишувга эришиш имконияти “жуда паст” эканини билдирди. Унинг бу ҳақдаги сўзларини BBC келтирди.
Бу баёнотлар АҚШ томони Кубанинг собиқ президенти Рауль Кастрога 1996 йилдаги ҳодиса бўйича қотиллик айбловини эълон қилганидан бир кун ўтиб янгради. Ўшанда “Brothers to the Rescue” ташкилотига тегишли икки самолёт халқаро сувлар устида уриб туширилган ва уч нафар АҚШ фуқароси ҳалок бўлган. Америка томони 94 ёшли Рауль Кастрони америкаликларни ўлдириш мақсадида фитна уюштиришда айбламоқда.
Марко Рубио Президент Дональд Трамп мамлакатни ҳар қандай таҳдиддан ҳимоя қилиш ҳуқуқи ва мажбуриятига эга эканини таъкидлаган.
21 май куни журналистлар олдида чиққан Рубио дипломатия Куба билан муносабатларни тартибга солишнинг энг маъқул йўли бўлиб қолаётганини айтди. Бироқ у ҳозирги Куба раҳбарияти билан келишув эҳтимоли жуда паст эканини қўшимча қилди.
Шунингдек, у Кубани “бутун минтақадаги терроризмни қўллаб-қувватловчи асосий давлатлардан бири” деб атади.
Куба Ташқи ишлар вазири Бруно Родригес эса Х ижтимоий тармоғидаги баёнотида бу айбловларни қатъий рад этди. У Марко Рубиони ёлғон тарқатишда айблаб, Куба ҳеч қачон АҚШ учун хавф туғдирмаганини билдирди. Родригеснинг фикрича, Рубио “ҳарбий тажовузни қўзғатишга” уринмоқда, АҚШ ҳукумати эса Кубага қарши “шафқатсиз ва тизимли” босим ўтказмоқда.
Live
Барчаси