“Крокус” терактида айбланаётганлар ўзларининг координатори ким эканини очиқлади
Олам
−
08 Апрель
67881Москва яқинидаги “Крокус Сити Ҳолл”да теракт уюштиришда айбланаётганлар уларнинг координатори Сайфулло исмли шахс эканини очиқлади. Бу ҳақда “Биринчи канал”да Россия Федерацияси ФХХнинг гумонланувчиларни сўроқ қилиш ҳақидаги тегишли видеолавҳасида эълон қилинди.
Уларнинг сўзларига кўра, Сайфулло исмли шахс улар билан боғланиб, уларнинг ҳар бирига 1 миллион рублдан ваъда қилган.
"Сайфулло бизга Украинага, Киевга боришни айтди. У ерда бизга бир миллион рубль беришарди", дейди айбланувчилардан бири сўроқ пайтида.
“Крокус”да теракт уюштирганликда айбланаётган яна бир шахс Украина чегарасини кесиб ўтишда ваъда қилинган ёрдам ҳақида гапирди.
“Биз Киевга бориб, у ерда пулни олишимиз айтилганди. Ҳар биримизга бир миллион рублдан пул берилиши керак эди. Сайфулло Украина чегарасида бизни йигитлар кутиб туришини, чегарадан ўтиб, улар Киевга етиб боришимизга ёрдам беришини айтганди”, дейди айбланувчилардан бири.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, 6 апрель куни Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Франция Президенти Эмманюэль Макрон ва бошқа қатор Ғарб етакчилари Россия Федерациясидаги терактнинг ҳомийлари эканини иддао қилиб чиққанди.
Шунингдек, у Франция ва Украина ўртасидаги хавфсизлик кафолатлари бўйича икки томонлама келишув "уч миллиард еврога тенг роман" эканини айтганди.