“Крокус” иши бўйича айбланаётган тожикистонликларнинг ҳибсдаги муддати узайтирилди
Олам
−
19 Май 2025 11573 3 дақиқа
Москва шаҳар суди Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида содир этилган теракт иши бўйича асосий айбланувчи бўлган тўрт нафар Тожикистон фуқаросини ҳибсда сақлаш муддатини 3 ой 28 кунга узайтирди. Бу ҳақда Москва шаҳар умумий юрисдикция судлари матбуот хизматига таяниб “Asia-Plus” хабар берди.
“Москва шаҳар суди қарори билан терговчиларнинг илтимосномаси қаноатлантирилиб, судланувчиларнинг ҳар бири: Фаридуни Шамсиддин, Муродали Рачабализод, Далержон Мирзоев, Муҳаммадсобир Файзовларнинг ҳибсда сақлаш муддати 3 ой 28 кунга узайтирилди”, дейилади матбуот хизматининг хабарида.
Айнан мана шу тўрт нафар Тожикистон фуқароси терактнинг бевосита айбдорлари саналади. Уларнинг барчаси Россия ҳудудидаги террорчилар ва экстремистлар реэстрига киритилган.
Аввалроқ суд Крокусдаги теракт иши бўйича айбланувчиларнинг ҳибсда сақлаш муддатини бир неча бор узайтирган эди. Бу ишда жами 27 киши айбланмоқда.
Маълумот учун, Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залига ҳужум ўтган йилнинг 22 март куни тахминан соат 20:00 да содир бўлганди. Тўрт нафар қуролли шахс концертга келган одамларга қарата ўқ узган, аудиторияга ўт қўйган, сўнг бинони тарк этиб, машинада қочиб кетган. Оқибатда 145 киши ҳалок бўлди, 500 дан ортиқ киши яраланди. 1,7 мингдан ортиқ киши жабрланувчи сифатида тан олинган, 800 дан ортиқ киши гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.
1 ноябрь куни ушбу терактда гумон қилинган яна 4 нафар шахс аниқланди. Уларнинг барчаси мамлакат таркибидаги Ингушетия Республикаси фуқаролари. Улардан икки нафари ҳибсга олинган, яна икки нафари қидирувга берилган. Гумонланувчилар – Ҳусайн Медов, Жаброил Аушев ва Хаваж-Багаудин Алиев Назран туманининг Сурхахи қишлоғида туғилган ва шу қишлоқда рўйхатда туради. Қолган бир нафар гумонланувчи – Ботир Кулаев эса Экажево қишлоғидан экани қайд этилган. Медов (астма касали бор, 2-гуруҳ ногирони) ва Аушев ушланиб, Москвага олиб кетилган. Улар терактда иштирок этганини рад этган, бироқ қурол ва ўқ-дориларнинг ноқонуний савдосига алоқадорлигини тан олган. Алиев ва Кулаев қидирувга берилган.
Ушбу ҳужум замонавий Россия тарихидаги энг йирик терактлардан бирига айланди, ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими бўлган “Вилоят Хуросон” гуруҳи ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари терактни содир этиш ва уюштиришда ёрдам беришда гумон қилинган 18 нафар шахсни қўлга олди, уларнинг аксарияти Тожикистон фуқаролари.
“Коммерсанть”нинг маълум қилишича, концерт залининг икки ходими ҳам Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 238-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш) 3-қисми бўйича жиноий иш бўйича айбланувчига айланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москванинг Басманний туман суди “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида теракт содир этишда айбланган тўрт нафар шахсни ҳибсда сақлаш муддатини узайтирганди. Суд тергов органларининг илтимосномасини қаноатлантирган ва Муродали Рачабализод, Муҳаммадсобир Файзов, Фаридуни Шамсиддин, Далержон Мирзоевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини 3 ойга, жами 10 ой 28 суткага узайтирган. Судланувчиларнинг тўрт нафари ҳам 2025 йилнинг 22 февралига қадар ҳибсда бўлади.