“Кристал Пэлас” Конференциялар лигаси чемпиони бўлди

Спорт

image

Кеча, 27 май куни Европа Конференциялар лигасининг финал учрашуви бўлиб ўтди. Унда Англиянинг “Кристал Пэлас” жамоаси Испаниянинг “Райо Вальекано” клубини мағлуб этиб, мусобақа ғолибига айланди.

Учрашув Германиянинг Лейпциг шаҳрида бўлиб ўтди ва инглиз клубининг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ягона голни 51-дақиқада Жан-Филипп Матета киритди. Шу тариқа, “Кристал Пэлас” ўз тарихида илк бор Европа мусобақаси финалига чиқди ва биринчи халқаро совринини қўлга киритди.

Лондон клуби ўтган мавсумда илк марта Англия Кубогини ютиб, Европа лигасига йўл олган эди. Бироқ жамоа УЕФА қоидаларига кўра, Европа лигасида эмас балки Конференция лигасида иштирок этишга мажбур бўлди. Сабаби, Франциянинг “Лион” клуби ҳам ушбу мусобақага йўл олганди. Ҳар икки клубнинг ҳам собиқ улушдори америкалик инвестор Жон Текстор ҳисобланади. УЕФА қоидаларига кўра, бир хил эгаси бўлган клублар бир Европа мусобақасида қатнашиши мумкин эмас эди.

Шундай бўлса-да, “Кристал Пэлас” Конференция лигасидаги илк иштирокидаёқ бош совринини қўлга киритди ва бу турнирда зафар қучган учинчи инглиз клубига айланди. Бундан аввал, 2023 йилда “Вест Хэм”, 2025 йилда “Челси” ушбу турнир ғолиби бўлганди.

Шунингдек, Италиянинг “Рома” (2022) ва Грециянинг “Олимпиакос” (2024) клублари ҳам мусобақада зафар қучган.


Мақола муаллифи

Теглар

Конференциялар лигаси “Кристал Пэлас” “Райо Вальекано”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг