Криминал авторитет “Витя Пан” Россияга экстрадиция қилинди
Олам
−
09 Декабрь 2023
11485Тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси расмийлари Интерпол қидирувида бўлган, жиноий муҳитда Витя Пан лақабли Виктор Панюшинни Россияга экстрадиция қилишга қарор қилди. Бу ҳақда “Habertürk” газетаси хабар берди.
Газетага кўра, суд органлари Панюшин Россия Федерацияси ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўз ҳудудида тўққиз модда бўйича содир этган жиноятлари учун қидирувга берилганини ҳисобга олган.
Уларга қотиллик, жиноий ташкилот тузиш, ноқонуний қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш, уюшган гуруҳ томонидан одам ўғирлаш киради.
“Шимолий Кипр Вазирлар Кенгаши жиноятчини мамлакат ҳудудида ноқонуний деб эътироф этиш ва унга нисбатан мамлакатда қонуний жараёнлар тугагандан сўнг уни Туркияга олиб ўтишга қарор қилди”, дейилади нашр хабарида.
Аввалроқ Панюшин Россия Федерациясидан Украинага қочиб кетгани ва у ерда бошқа фамилия ва туғилган санаси билан Украина паспортини олгани аниқланган.
Унга кўра, у тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикасига 2023 йил бошида келган.
Июнь ойида республика полицияси уни сохта ҳужжатлар тақдим этгани учун ҳибсга олган ва Интерпол уни экстрадиция қилишни сўраган.
Ким ўзи Виктор Панюшин?
Виктор Панюшин 1958 йил 13 сентябрда Татаристоннинг Альметьевск шаҳрида туғилган.
У биринчи жиноятини 19 ёшида содир этган. 1975 йилда у давлат мулкини ўғирлашда айбдор деб топилди. У икки йил қамоқ жазосини олди, аммо тўрт ойдан кейин амнистияга тушди ва қамоқхонани тарк этди.
Бир ой ўтгач, у Курск вилоятининг Солнцевский туманида давлат мулкини ўғирлагани учун яна қўлга олинди. Бу сафар у тўрт йиллик қамоқ жазосини тўлиқ ўтади.
У бир неча ойдан кейин ўғирлик учун навбатдаги тўрт йиллик қамоқ жазосини олди.
2000 йилда у Курск, Орёл ва Белгород вилоятлари ҳудудларида жиноий муҳитга таъсир кўрсатадиган қонун ўғриси мақомини олди. Ҳаммаси бўлиб Панюшин тўққиз марта судланган: ўғирликдан ташқари, булар гиёҳванд моддалар ва қурол савдоси, талончилик, товламачилик ва сохта ҳужжатлар яратиш билан боғлиқ жиноятлардир.
LiveБарчаси