Илҳом Алиев кўпчилик номидан ШКТРнинг тан олинишига ваъда бериб юборди

Олам

image

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Шимолий Кипр Турк Республикасининг халқаро миқёсда тан олинишини таъминлашга ваъда берди. Бу ҳақда у 9 апрель куни Бакудаги ADA университетида “Янги дунё тартиби сари” мавзусида ўтказилган халқаро форумда сўзлаган.

Алиев Туркиядан бошқа ҳеч бир мамлакат тан олмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркий давлатлар ташкилотида (ТДТ) кузатувчи мақомини олишда унинг ҳукумати фаол роль ўйнаганини таъкидлади.

“Биз Шимолий Кипр Турк Республикасининг тан олиниши учун фаол кураш олиб бораётган давлатлар қаторидамиз. Шушада бўлиб ўтган норасмий саммитда Президент Эрсин Татар иштирок этди. Бу йиғилишда Шимолий Кипр байроғи ҳилпираб турди. Биз ҳар доим биродарларимизнинг тарафидамиз: уларга ўз давлатини ҳимоя қилишда ёрдам берамиз”, деган Озарбайжон раҳбари.

Озарбайжон раҳбари Кипр тарихи ҳақида гапирар экан, 2004 йилда Кипрни бирлаштиришга олиб келиши керак бўлган Аннан режаси бўйича референдумда кипрлик туркларнинг кўпчилиги “маъқул”, кипрлик юнонларнинг аксарияти “қарши” овоз берганини таъкидлади.

“Биз биродарларимиз билан доим яқинмиз. Сиёсатимиз доимо аниқ бўлиб келган. Бу масала бўйича бошқа кун тартибимиз йўқ. Биз фақат биродарларимиз давлатини сақлаб қолишлари учун қандай ёрдам беришимиз ҳақида ўйлаймиз. Улар тарих ва ўз ҳаракатлари билан бунга лойиқ бўлган”, дея қўшимча қилган давлат раҳбари.

Шунингдек, у Кипр Республикасининг Европа Иттифоқига қўшилиши икки томонлама стандартлар ва адолатсиз ёндашув намунаси эканлигини таъкидлаган.

“Қаранг, нима бўлди? Юнон Кипри Европа Иттифоқига қабул қилинди. Бу адолатданми? Яъни, бу икки томонлама стандартларнинг яққол намунаси эди ва сиёсатчилар бу ҳақда гапиришни истамайди. Яъни, улар бош оғриғини хоҳламайди, чунки улар бу ҳақда гапирса, бошқа нохуш муаммоларга дуч келишлари мумкин. Шунинг учун мен Шимолий Кипрдаги биродарларимизни ишонтириб айтмоқчиманки, биз уларнинг мамлакати мустақил давлат сифатида халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниши учун доимо улар билан бирга бўламиз”, деган у. 

Шимолий Кипр Кипр оролининг ярмини эгаллайди. 1974 йилдан буён унинг мустақиллигини фақат Туркия тан олди. Кипр Республикаси эса БМТнинг халқаро миқёсда тан олинган аъзоси бўлиб, 2004 йилдан бери ЕИ аъзоси ҳисобланади. Ўтган йилнинг охирида Озарбайжонда Кипр Республикасининг расмий позициясига ўтиш кузатилди. Президент Никос Христодулиднинг 2024 йил ноябрь ойида Бакуга ташрифи чоғида олиб борилган ижобий музокаралар шундан далолат беради. Кейин 2024 йил декабрь ойида Эроннинг Машҳад шаҳрида Кипр ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари Константинос Комбос ва Жайҳун Байрамов ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бироқ Алиевнинг бу борадаги ҳозирги изоҳлари Бакунинг позицияси ўзгарганини кўрсатади.

Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Марказий Осиё – Европа Иттифоқи биринчи саммити бўлиб ўтди. Саммит якунлари бўйича Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Республикаси Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши президенти Антониу Кошта, Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо томонидан қабул қилинган баёнотнинг 4-бандида айтилишича, барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига халқаро ва минтақавий доирадаги ҳар қандай форумларда ҳурмат кўрсатиш, шунингдек, бу тамойилларга зид ҳаракатлардан тийилиш мажбурияти олинган.

“Худди шу руҳда, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 541(1983) ва 550(1984)-сонли резолюцияларига содиқлигимизни яна бир бор тасдиқладик. Минтақавий ҳамкорлик тузилмалари доирасида иштирок этишда ушбу халқаро тамойилларга риоя қилиниши кераклигини таъкидладик — бу эса ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар ривожида муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан Туркманистон ўзининг халқаро мажбуриятларини доимий бетарафлик мақоми тамойилларига қатъий мувофиқ амалга оширишини эслатди”, дейилган баёнотнинг айнан 4-бандида.

541 ва 550 резолюциялар эса Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олмаслик, улар билан ҳамкорлик қилмасликни англатади. 

Алиевнинг юқоридаги баёноти ҳам “Марказий Осиё-Европа Иттифоқи” биринчи саммитининг Самарқанд декларацияси қабул қилингандан сўнг янгради.

Ҳозирда ШКТР Туркий давлатлар ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомига эга. У ушбу мақомдан ташкилотнинг беш аъзо давлати томонидан парламент ратификациясисиз фойдаланмоқда. Шуни алоҳида айтиш ўринлики, икки ташкилотда ҳам кузатувчи мақомини Ўзбекистон раислигида ўтган саммитларда олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Илҳом Алиев Шимолий Кипр

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг