Криминал авторитет “Коля Қирғиз” ўлдирилди
Олам
−
05 Октябрь 2023
24357Қирғизистонлик криминал авторитет Қамчибек Кўлбоев (Қамчибек Асанбек) Бишкекда ўлдирилди. Бу ҳақда “24кг” нашри мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб хабар берди.
Департамент маълумотларига кўра, Қирғизистонда уюшган жиноий гуруҳларнинг фаол аъзолари ва уларнинг етакчиларига нисбатан тадбиркорлар мулкини ўта йирик ҳажмда ноқонуний тортиб олиш бўйича бир неча жиноий иш қўзғатилган. Қамчибек Кўлбоев "Доо" лақабли Чингиз Жумагуловнинг ўлдирилишида иштирок этганликда гумон қилинган эди.
Кеча, 4 октябрь куни Қамчибекнинг жойлашуви аниқланган. Уни қўлга олиш учун борган Миллий хавфсизлик ходимларига қуролли қаршилик кўрсатилган.
“Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимларининг ҳаёти ва соғлиғига ўқотар қуроллар билан тажовуз қилган Қамчибек Кўлбоевга жавоб ўқи узилган. Мазкур ҳолат юзасидан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг “уюшган жиноий гуруҳ тузиш”, “қонунга хилоф қурол савдоси”, “ўлдиришга уриниш” моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Тезкор тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, шифокорлар Қамчибек Асанбек олган жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этганини тасдиқлади. МХХ ходимлари ва тинч аҳоли вакилларидан жабрланганлар ва жароҳатланганлар йўқ”, дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси баёнотида.
Бошқарма ушбу фактга алоқадор Қамчибек Асанбек гуруҳи барча вакилларининг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилишини билдирган.
Қамчибек Асанбек Қирғизистон ва МДҲдаги энг нуфузли "ворзакон"лардан биридир. Тахаллуси – “Коля Қирғиз”.
Қайд этилишича, у наркотик бизнеси, қурол-яроғ савдоси, товламачилик, қора кўчмас мулк, талончилик, автомашина ўғирлаш, бандитизм, пул ювиш, давлат мулкини ўғирлаш ва буюртма асосида қотиллик қилиш билан шуғулланган. У Қирғизистондаги миллионерлардан бири эди.
2020 йилдан бери Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси криминал авторитетни бир неча бор ҳибсга олган. “24кг” хабарига кўра, 2023 йилнинг августида Қамчибек Кўлбоевга нисбатан жиноят иши даъво муддати ўтгани сабабли тугатилган.
Криминал авторитет Қамчибек Асанбек Қозоғистонда трансмиллий жиноий ташкилот тузишда гумон қилинган.
LiveБарчаси