Кремлга ҳужум: ким нимага чақирмоқда?
Олам
−
04 Май 2023
17625Кремлга учувчисиз самолётлар ёрдамида қилинган ҳужум кўпчиликнинг эътиборини тортди. Дунёнинг турли бурчакларидаги таҳлилчи вазиятни ўрганиб, ўз фикрларини билдирди. Шундайлардан бири Шанхай Ижтимоий фанлар академияси қошидаги Россия ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази ижрочи директори Сунь Ци бу ҳодисани олдиндан режалаштирилган террорчилик ҳаракати сифатида баҳоланиши кераклигини, унинг сиёсий таъсири ҳарбий самарасидан кўра муҳимроқ эканини айтди.
“Кремлга учувчисиз самолёт ҳужуми жуда муҳим бир вақтда – Россияда Ғалаба куни арафасида амалга оширилди. Ҳужум жойи сифатида эса Путиннинг Кремлдаги қароргоҳи танланган. Бу икки фактни таққослаш Кремлга қилинган ҳужумни мамлакат пойтахтига режалаштирилган теракт ва давлат раҳбарига суиқасд қилишга уриниш сифатида қарашга имкон беради. Бу ҳаракатнинг сиёсий самараси ҳарбий самарасидан кўра каттароқдир”, дейди эксперт.
Унинг сўзларига кўра, бу ишни айнан қайси давлат ёки ташкилот амалга оширгани ҳозирча номаълум бўлсада, Россиянинг бу Украина томонининг иши деган шубҳаларига асослар бор. Мутахассиснинг эслатишича, бу Украинадан дронлар ёрдамида Россия ҳудудига биринчи ҳужум эмас.
“Қайси давлат бу ишни қилган бўлишидан қатъий назар, оқибатлари жиддий бўлади. Бу Украина можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш жараёнига ҳам ҳеч қандай фойда келтирмайди, фақат низонинг кучайишига хизмат қилади”, дея қўшимча қилган Сунь Ци.
Экспертнинг фикрича, бу акциядан асосий мақсад 9 май куни Қизил майдондаги парад арафасида ваҳима уйғотишдир. Сун Қи ҳам Москва бу ҳужумга жавоб беришига ишонч билдирган.
Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича котиби Жозеп Боррель эса бугун, 4 май куни Брюсселда Европа Иттифоқини ривожлантириш бўйича вазирлар йиғилишига келганида Россияни Кремлга уюштирилган дрон ҳужумидан можарони кучайтириш учун фойдаланмасликка чақирган.
“Биз Россия Федерациясини ушбу ҳужум деб аталмиш можарони янада кучайтириш учун далил сифатида ишлатмасликка чақирамиз”, деган Жозеп Боррель.
Урушни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчилари эса Россия томони жамиятни кенгроқ сафарбар қилиш учун шароит яратиш мақсадида Кремлга дрон ҳужумини саҳналаштирган бўлиши мумкин демоқда.
ISW'га кўра, дронлар Москвада ўрнатилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг бир неча қатламини енгиб ўта олиши даргумон эди.
“Кремлнинг воқеага зудлик билан, изчил ва мувофиқлаштирилган муносабати ҳужумнинг ички томондан шундай уюштирилганлигидан далолат берадики, бунда унинг эҳтимолий сиёсий оқибатлари шармандаликдан кўра кўпроқ”, дейилади ISW ҳисоботида.
Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Кремлда содир бўлган воқеалардан кейин Путиннинг “одатий иш муҳити” сақланиб қолгани, Владимир Путин анъанавий тарзда 9 май куни Қизил майдондаги Ғалаба парадида чиқиш қилишини маълум қилган.
Маълумот учун, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Қизил майдонда Иккинчи Жаҳон урушидаги Ғалабанинг 78 йиллигига бағишланган парадда 10 мингдан ортиқ киши, 125 дона қурол ва ҳарбий техника иштирок этишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 май куни Москва Киевни Владимир Путиннинг Кремлдаги қароргоҳига дронлар ёрдамида ҳужум қилишга уринганликда айблаганди. Украина президенти Владимир Зеленский воқеага алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни рад этди.