Кремль Украинадаги урушни фронт чизиғида музлатиш таклифини рад этди
Олам
−
18 Ноябрь
3451Россия учун Украинага босқинини жанговор тўқнашув чизиғида музлатиш “априори (олдиндан маълум бўлган нарса) қабул қилиб бўлмас” ҳолат. Бу ҳақда Кремль воизи Дмитрий Песков маълум қилди.
“Бу ҳолатда Президент Владимир Путин томонидан илгари сурилган шартлар ўз аҳамиятини сақлаб қолади. Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш учун айнан шу ишларни амалга ошириш керак”, деди Песков.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Bloomberg” Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг режаларидан хабардор манбаларга таяниб, унинг Украинадаги можаро бўйича ўз таклифини G20 етакчилари йиғилишида тақдим қилмоқчи экани ҳақида хабар берган эди. Унга кўра, Ражаб Тойиб Эрдўған жанговор тўқнашув чизиғида ҳарбий ҳаракатларни музлатиш ва Украинанинг НАТОга қўшилишини 10 йилга кечиктиришни ўз ичига олган тинчлик режасини таклиф қилиш ниятида.
Шунингдек, олдинроқ жанговар тўқнашув чизиғи бўйлаб (таҳминан 1,3 минг километр узунликда) ҳарбий ҳаракатларни “музлатиш” таклифини АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ҳам билдириши мумкинлиги хабар қилинганди.