Кремль Россияда цензура мавжудлигини тан олди
Олам
−
07 Сентябрь
5435Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Россияда цензура мавжудлигини тан олди, аммо уруш шароитида бу ўзини оқлашини таъкидлади. Бу ҳақда у ТАССга берган интервьюсида сўз очди.
“Айни пайтдаги уруш ҳолатида чекловлар оқланади, худди шундай цензура ҳам, тўғрисини айтганда, биз уруш ҳолатидамиз. Барча оммавий ахборот воситалари ўз мамлакатлари раҳбариятининг сиёсий буйруғини бажаради”, деган Песков интервьюда.
Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, Украинага қарши урушдан кейин Россияда цензура бекор қилиниши керак.
Песков, шунингдек, ҳар бир мамлакатда ахборотни чеклаб бўлмаслигини айтган. У Ғарб матбуотини россиялик журналистларни йўқ қилишга уринишда айблаб, ҳар қандай вазиятда ҳам адекват муносабатда бўлиш лозимлигини билдирган.
Кремль матбуот котиби Россия расмийлари урушни қачон тугатиши ҳақида саволга жавоб берар экан, биринчи навбатда, “махсус ҳарбий операция”да белгиланган мақсадларга эришиш кераклигини айтган.
Маълумот учун, Россиянинг Украинага қуролли бостириб кириши бошланганидан сўнг, Россия ҳукумати “уруш” сўзини ишлатмади, бунинг ўрнига “махсус ҳарбий операция” атамасини ишлатди. Урушни “уруш” деб атаган одамлар жаримага тортилди, ҳатто қамоққа ҳам ташланди. Кейинчалик ҳокимият вакилларининг ўзлари “уруш” сўзини ишлата бошлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин америкалик журналист Такер Карлсонга интервью берганди. Интервьюдан сўнг Президент матбуот котибидан Карлсоннинг сўнгги пайтларда бирорта ҳам ғарблик журналист Путиндан интервью олишга уринмагани ҳақидаги гапларига изоҳ бериш ва сўнгги икки йил ичида Кремлга Россия раҳбари билан учрашиш бўйича Ғарб ОАВларидан бирорта ҳам сўров келмагани ҳақида сўралган. Ўшанда Песков уларнинг барчаси бирёқлама позицияни эгаллаган оммавий ахборот воситалари эканлигини айтганди.