Кремль Халқаро суднинг Россияга қарши даъвосини тан олмади
Олам
−
14 Март 2023
5988Россия Украинада уруш олиб бораётгани ортидан Гаагадаги Халқаро жиноий суд Москвага қарши икки жиноий иш қўзғатяпти. Бироқ Кремль на Халқаро жиноий судни, на у очаётган жиноий ишларни тан олади. Бу ҳақда бугун, 14 март куни Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков хабар берди.
“Биз бу судни ва унинг юрисдикциясини тан олмаймиз. Биз бунга шундай муносабатда бўламиз. Москва ўтган йиллар давомида на халқаро суд институтлари, на халқаро ҳамжамиятнинг бошқа аъзолари Украина миллатчилари томонидан Донбассдаги фуқаролик инфратузилмасининг вайрон қилинишига, аҳолининг ўлдирилишига эътибор беришдан бош тортганини эслатишдан чарчамайди”, деган Песков.
Маълумот учун, Халқаро жиноий суд ҳукуматлараро ташкилот ва халқаро трибунал бўлиб, Нидерландиянинг Гаага шаҳрида жойлашган. Бу инсониятга қарши жиноятлар, геноцид, уруш ва босқинчилик жиноятлари учун шахсларни таъқиб қилиш ҳуқуқига эга биринчи ва ягона доимий халқаро суддир. У 1998 йилда Рим статутига биноан ташкил этилган. 2016 йилда Владимир Путиннинг Россия Халқаро жиноий суд аъзоси бўлмаслиги ҳақидаги фармони билан давлат ундаги аъзолигини тўхтатган. Россия ТИВ суд унга билдирилган умидларни оқламагани ва халқаро адолатнинг ҳақиқий мустақил органига айланмагани ҳақида баёнот билан чиққан.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Гаагадаги Халқаро жиноий суд Кремлга қарши Россиянинг украиналик болалар ва ўсмирларни ўғирлаб, уларни қайта тарбиялаш лагерларига жўнатгани ҳамда Украинадаги фуқаролик инфратузилмалари – электр ва сув станцияларини атайлаб нишонга олгани учун 2 та жиноий иш очаётгани хабар қилинган эди.