Кремль ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиш масаласига муносабат билдирди

Олам

image

Россия Украинанинг ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск вилоятлари суверенитетини тан олиш Минск келишувларини бузади деган фикрга қўшилади. Бу ҳақда “Медуза” хабар қилди.

“Албатта, тан олиш (ДХРва ЛХРни) Минск келишувларига мос келмайди. Бу ҳақиқат ”, дейди Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков. 

Унинг таъкидлашича, Путин учун Донбассдаги вазиятни ҳал қилишдаги асосий вазифа “Минск чора-тадбирлар пакетини амалга ошириш”. 

Шу билан бирга, у Киевнинг ДХР ва ЛХР фуқароларига Россия паспортларини бериш Минск келишувларни бузади, деган танқидларини рад этган. 

“Бу амалиёт Минск келишувларини бузиш эмас, бу қисқа ва ўта аниқ матнни камида бир марта ўқиб чиқишнинг ўзи кифоя. Шунинг учун, бу танбеҳларни оқлаб бўлмайди ”, дейди Песков.

Кремль вакилининг сўзларига кўра, Россия Донбасс аҳолисига “уларни ватанлари рад этгани учун” паспорт бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 15 февраль куни Россия парламенти – Федерал Мажлисининг қуйи палатаси – Давлат думаси ялпи мажлисида Донбасснинг ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск вилоятлари суверенитетини тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бунда Донецк ва Луганск халқ республикларини тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси, шунингдек ҳукмрон “Ягона Россия” партияси лойиҳаси овозга қўйилиб, ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиш танланди. 

Қайд этиш керакки, 2008 йил Россия ўз мухториятига қўшин киритишни режалаштираётган Грузияни тўхтатиш учун Осетияда россияликлар борлигини важ қилиб, ҳудудга қўшин киритганди. Якунда икки ўртада уруш бўлиб, Грузия мағлуб бўлган.

Маълумот ўрнида, январь ойи ўрталаридан бошлаб Кремль Беларусга “Иттифоқчилар келишуви” доирасида ўз ҳарбийлари ва оғир артиллерияларини юбора бошлаган. Ҳозирга қадар қўшма ҳарбий машғулотларни ўтказиш учун Беларусь ҳудудига Россиянинг 30 000 дан ортиқ аскарлари киритилгани айтилмоқда.

Шунингдек, С-400 ер-ҳаво ракета тизимларининг иккита батальони ва 12 та “Сухой Су-35” қирувчи самолётлари мамлакат ҳудудига жойлаштирилган.

НАТО ушбу ҳаракатларни “Совуқ уруш” давридан буён Беларусь ҳудудига киритилган энг катта қўшин дея баҳоламоқда. Билдирилишича, ҳозирда Россия ихтиёрига ўтган Қрим, Беларусь ва Украина билан чегарадош бошқа ҳудудларда 100 000 лаб рус қўшинлари жойлаштирилган.

Қайд этиш керакки, Россиянинг машғулотлар сабаб Украина билан чегарага қўшин тўплаши ортидан Шарқий Европада инқироз юзага келди. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормасликни, у ерда бўлиб турганлардан мамлакатни тарк этишни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган.  

Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этиб келмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш нияти йўқлигини айтмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

112

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made