Кредитга ботган аҳоли, электромобиль учун субсидия ва “ҳакалак отган” бензин нархи
Таҳлил
−
19 август 1691 16 дақиқа
Ассалому алайкум, сизлар билан Темур ва бу яна “Соққали иш” рукни.
Кредитга “ўтирган” ўзбеклар
Бу галги кўрсатувимизни бир савол билан бошламоқчиман. Бизни кузатиб турганлар орасида кредити йўқлар борми?
Ҳа, бугун Ўзбекистонда кредити борлардан кўра кредити йўқларни санаш анчагина осон бўлиб қолди. Банклардан фоизга қарз олиш маданияти шу қадар кенг тарқалдики, баъзи одамлар бир банкдан олган кредитини ёпиш учун бошқа банкдан кредит ола бошлади.
Замонни ривожланганини қаранг, бугун кредит олиш учун ҳам банкка бориш шарт эмас, баъзан телефоннинг ўзи етарли. Бир неча тугма, паспорт маълумотлари, “тасдиқлаш” тугмаси ва табриклаймиз, сиз энди келажакдаги даромадингизнинг бир қисмини бугундан сарфлашингиз мумкин.
Аслида иқтисодда кредитнинг сони кўпайиши ижобий тенденция. Бу банк тизимида қулайлик ошганлиги, мамлакатда истеъмол ҳажмининг ортгани ёки кичик ва ўрта бизнесга яратилган имконият бўлиши мумкин. Бироқ янги чиққан iPhone модели ёки қўшниникидан баландроқ том қуриш учун олинган кредитларнинг кескин ошиши ва олинган қарзнинг банкка қайтарилмаслиги муаммолар келтириб чиқаради.
2026 йил 13 август куни Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида аҳолининг кредит қарздорлиги масаласи кўтарилди. Сенатор Ҳусан Эрматов Марказий банк маълумотларига таяниб, сўнгги бир йил ичида аҳолининг кредитлари 21,2 фоизга ошганини, олти йил ичида эса қарзлар беш баробардан кўпроққа кўпайганини маълум қилди. Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носиров эса вазиятни “хавотирли” деб баҳолади.
“Асосий хавотирларимиз рақамларнинг ўзи ўсибётгани билан эмас, кўпроқ қарз юкининг ортиб бориши, аҳоли ушбу қарзга хизмат кўрсатишга қанчалик қодирлиги билан боғлиқ. Айнан мана шу кўрсаткичларнинг ўсиши бизни кўпроқ ташвишга солмоқда”, деди МБ раиси ўринбосари.
2026 йил 1 февраль ҳолатига 9,3 миллион қарз олувчининг жами 610 триллион сўмлик кредит қарздорлиги мавжуд бўлган. Бу эса 38 млн аҳолига эга Ўзбекистон учун деярли ҳар тўрттадан бир одамнинг у ёки бу кўринишда қарзи борлигини англатади. Маълумотларга кўра, мажбуриятларнинг 93 фоизи банк кредитларига тўғри келади. 376 мингта кредит шартномаси бўйича 19 миллиард сўмлик қарздорлик муаммоли кредитлар тоифасига ўтган.
Шу ўринда изоҳ: 610 триллион сўм — бу аҳолининг умумий кредит мажбуриятлари, 231 триллион сўм эса банклардан олинган кредитлар бўйича аҳолининг қарздорлиги сифатида келтирилган кўрсаткич.
Марказий банкнинг хавотири ҳам айнан кредитларнинг мавжудлигида эмас, қарздорларнинг қарзини қайтариш қобилияти пастлигида.
Носировнинг айтишича, ҳозир қарзга хизмат кўрсатиш бўйича талаб мавжуд: фуқаронинг ойлик даромадининг 50 фоизидан кўпи кредит тўловларига йўналтирилмаслиги керак. 2026 йил бошидан қарзнинг даромадга нисбати бўйича ҳам чеклов жорий этилган: расмий даромадга эга фуқаро даромадининг 8 баробаридан, норасмий даромадга эга фуқаро эса 5 баробаридан ортиқ кредит ололмайди. Яъни энди банкнинг ўзи кредитга “ўтирган” баъзи ўзбекларни яна кредит олишига чекловлар қўймоқда.
Ҳақиқатдан вазият жиддий. Бугун одамларда бир эмас, бир нечта кредитлар бор. Ундирув тизимининг яхши йўлга қўйилмагани оқибатида бугун қарзларини тўламай қочиб юрганлар сони ҳам бисёр.
2025 йил 1 июнь ҳолатидаги Марказий банк маълумотларига кўра, иқтисодда фаол аҳолининг 33 фоизи, яъни қарийб 5 миллион киши, камида битта кредитга эга бўлган. Энг қизиғи, кредит олувчиларнинг сонидан кўра, бир кишининг кредитлари сони тезроқ ўсмоқда.
1,4 миллион қарз олувчи, яъни жами қарз олувчиларнинг 27 фоизи — икки ёки ундан ортиқ кредитни бир вақтнинг ўзида тўламоқда. Уч ва ундан ортиқ кредити борлар улуши эса 2020 йил бошидаги 3 фоиздан 11 фоизгача кўтарилган. Аксинча, фақат битта кредитга эга қарз олувчилар улуши 84 фоиздан 73 фоизга тушган.Оддий қилиб айтганда, бугун баъзилар битта қарзини тўлолмагани учун бошқадан қарз олиш йўлига ўтиб олди. Яхши “lifehack”. (Эмас.)
Аслида кредит иқтисодиёт учун муҳим молиявий восита. Оила уй сотиб олиши, талаба таълим олиши, тадбиркор ускуна харид қилиши ёки янги бизнес бошлаши учун йиллар давомида пул йиғиб ўтириш тренди аллақачон эскирди. Банк бугунги капитални келажакдаги даромад ҳисобидан олдиндан ишлатиш имконини беради, яъни сизда қачондир бўладиган пулни бугундан ишлатишингиз мумкин.
Ҳақиқий муаммо кредитнинг қаерга кетаётганида. Агар 100 сўмлик қарз ишлаб чиқариш қувватини яратиб, келажакда 130 сўмлик қийматни яратса — сих ҳам кабоб ҳам куймайди. Банк ҳам бойийди, тадбиркор ҳам.
Агар ўша 100 сўм фақат бугунги истеъмол учун ишлатилса, келажакдаги даромад эса аввалги қарзни ёпишга сарфланса – иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш салоҳияти ошмайди. Қарздор қимматбаҳо қандайдир буюмга, қарздорнинг фарзандлари эса катта қарзга эга бўлади.
2025 йил июлида Марказий банк ўтказган сўровномада респондентларнинг 73 фоизи банклар ёки нобанк ташкилотлар олдида қарзи борлигини билдирган. Энг хавотирлиси, уларнинг 61 фоизи қарз мажбуриятларини ўз вақтида бажаришда муайян қийинчиликларга дуч келаётганини айтган.
Шу сабабли Марказий банкнинг молиявий саводхонлик ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга урғу бераётгани муҳим. Кредит ва микроқарз рекламасида молиявий хавфлар ҳақида мажбурий огоҳлантириш бериш мажбурияти ҳам айнан шунга қаратилган. Марказий банк вакилига кўра, бундай огоҳлантириш қарз юкини автоматик камайтирмайди, аммо истеъмолчининг онгли қарор қабул қилишига ёрдам беради.
“Ушбу механизм қарз юкини бевосита тўхтатиб қолмайди, лекин одамларнинг хабардорлиги ва масъулиятини оширади. Бу реклама орқали чалғитишнинг олдини олишга ҳамда одамларни онгли қарорлар қабул қилишга ундашга ёрдам беради”, – деди Марказий банк вакили.
Таклифни тайёрлашда қатор хорижий тадқиқотлар ўрганилгани айтилмоқда. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи ва Буюк Британияда бундай чораларнинг қўлланилиши кредит бозори фаоллиги пасаймаган ҳолда қарзга хизмат кўрсатишнинг яхшиланиши ва муддати ўтган қарздорликнинг камайиши билан кечган.
Айнан шу тафайли ҳам тарихни ўқиш муҳим. Биз бугун дуч келаётган муаммоларнинг ечими тарих қаъридa яшириниб ётибди.
Мана, масалан, Ўзбекистон учун энг қизиқ тарихий мисоллардан бири — Жанубий Корея.
1997–1998 йиллардаги Осиё молиявий инқирозидан кейин Корея банк тизими қайта қурилди. Банклар корпоратив кредитлардан ташқари аҳолига кредит беришга фаолроқ киришди. Натижада уй хўжаликлари кредитлари жуда тез ўсди. 2000–2002 йилларда кредит карталаридан фойдаланиш ҳам портлади.
2002 йилнинг биринчи ярмида Кореяда кредит карталари орқали 307 триллион вон миқдорида операция амалга оширилган. 1999 йилда 39 миллион дона бўлган кредит карталари сони 2002 йил ўрталарига келиб 105 миллион донага етди — ўртача ҳисобда ҳар бир катта ёшли корейсга учтадан ортиқ карта.
Кредит карталари орқали истеъмол қилиш ҳам тез кенгайди. 2002 йилда кредит карталаридаги қарзлар Корея ЯИМининг қарийб 15 фоизига етди, уй хўжаликларининг умумий қарзи эса 1999 йил бошидаги 37 фоиз ЯИМдан 2002 йил охирида 62,5 фоизга чиқди. 2002 йилда кредит карталари бўйича кечиккан тўловлар улуши 11,9 фоизга чиқиб кетган. 2003 йилда қарзларини бажара олмай қолганлар сони 3,75 миллион кишига чиққан — бу катталар аҳолисининг қарийб ўндан бирига тенг эди.
Аҳолининг қарзи ҳаддан ташқари ортиб кетганлиги учун Кореяда 2002–2003 йилларда кредитлар бўйича резерв талаблари кучайтирилди, қарз олувчиларнинг тўлов қобилиятини баҳолаш талаблари оширилди, кредит карта компаниялари учун капитал етарлилиги талаблари кучайтирилди. 2003 йил апрелидан кредит карта компаниялари учун минимал капитал талаби 4 фоиздан 6 фоизга оширилди. Натижада қизиб кетган мотор аста-секин совий бошлади.
Бугун Ўзбекистоннинг муаммоси ҳам “кредитларни қисқартириш” эмас, балки кредитнинг сифатини ошириш, аҳолида эса молиявий саводхонликни яхшилаш. Келажакда ошиши мумкин бўлган ойликка ишониб кредит олиб ташлаш бўйинга қарз деган балони илиш эҳтимоли юқори эканлигини тушуниш керак.
Минмайдиган электромобилимиз учун пул тўлаймизми?
Анчадан бери электромобилларни импортига қўйилган асоссиз чекловлар, ортиқча талаблардан кўп нолидик. Мана, кутиб олинг, энди Ўзбекистонда электромобиль ҳайдаш нафақат экологик, балки молиявий жиҳатдан ҳам “яшил чироқ”қа эга бўлиши мумкин. Фақат бу чироқни ёқиш учун электр токи эмас, Давлат бюджети ишлатилиши эҳтимоли бор.
2026 йил 7 август куни электромобиль харид қилувчи фуқароларнинг автокредит фоизларининг бир қисмини бюджет ҳисобидан қоплашни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилди. Лойиҳа ҳали қабул қилинмаган. Шунга қарамай, у муҳокамага чиқиши билан иқтисодчилар ва жамоатчиликнинг эътирозлар бўронига дуч келди.
Авваламбор, гап қандай имтиёз ҳақида кетаётганини тушуниб олайлик.
Таклифга кўра, бирламчи бозордан электромобиль сотиб олган жисмоний шахс учун миллий валютада олинган автокредитнинг дастлабки икки йилида 16 фоиздан юқори бўлган фоиз ставкасининг бир қисми давлат томонидан қопланади. Компенсация энг кўпи билан 8 фоизлик пункт бўлиши мумкин.
Масалан, банк кредитни 24 фоиздан берса, 8 фоизлик пункт давлат ҳисобидан қопланиб, харидор учун амалда 16 фоизлик юк қолади. Кредит 20 фоиз бўлса, 4 фоизлик пункт қопланади. Хуллас, ставка 16 фоизга туширилиши керак. 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22-сон Ўзбекистон Президенти фармонида электромобиллар учун 16 фоизгача ставкaда автокредитларни 2026 йил 1 сентябрдан йўлга қўйиш ва биринчи босқичда йил охиригача 15 мингта электромобиль хариди учун кредит ажратиш белгиланган.
Шу фармонда кредит фоизининг ошган қисмини тижорат банкларига Давлат бюджети ҳисобидан қоплаш механизми ҳам назарда тутилган. 7 август куни жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган янги лойиҳа эса компенсацияни 2026 йил 1 августдан жорий этишни таклиф қилмоқда. Демак, ҳозирча гап якуний, кучга кирган норма ҳақида эмас, балки муҳокамадаги механизм ҳақида кетмоқда.
Хўш, нега давлат электромобилларга бундай имтиёзлар бергиси келиб қолди?
Атрофга қаранг, бензин нархи тинмай сакрамоқда, ҳаводаги чанг туфайли мусаффо осмонимиз билан ҳам мақтана олмаймиз. Электромобиллар эса энг мақбул ечим сифатида кўрилмоқда.
Қизиқ жиҳати, таклифга кўра, имтиёз исталган электромобиль учун бирдек тааллуқли эмас. Автомобиль бирламчи бозордан олиниши, ташқи электр манбаидан қувват олиши, фақат электр двигателида ҳаракатланиши ва ички ёнув двигателига эга бўлмаслиги керак. Яъни гибридлар бу дастурга кирмайди.
Автомобиль M1 категориясида бўлиши, унинг нархи 1 000 БҲМдан, кредит суммаси эса 300 млн сўмдан ошмаслиги керак.
Энди саволнинг энг қизиқ жойи: нега электромобилга қарши бўлмаган одамлар электромобиль учун субсидия берилишига қарши чиқмоқда? Чунки муаммо электромобилнинг ўзида эмас. Муаммо — давлат электромобилни кимнинг ҳисобидан ва қандай усулда арзонлаштирмоқчи эканида.
Ўзбекистонда электромобиль бозори аллақачон жуда тез ўсмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йил 1 апрель ҳолатига мамлакатда 109,2 мингта электромобиль рўйхатдан ўтган. Уларнинг 79 851 таси Тошкент шаҳрида, яъни умумий электромобилларнинг қарийб 73 фоизи пойтахт ҳиссасига тўғри келади.
2025 йилнинг ўзида эса Ўзбекистонга 56 832 та электромобиль импорт қилинган. Уларнинг импорт қиймати 701 млн долларни ташкил этган. Электромобиллар енгил автомобиль импортининг 70 фоиздан ортиқ қисмини эгаллаган. Шу даврда бензинли автомобиллар импорти қарийб 40 фоизга камайиб, 19 871 донага тушган.
Ички бозорда ҳам электромобилга талаб ўсмоқда. 2025 йилда янги электромобиллар савдоси 35 фоизга ошиб, 40,7 минг донага етган. Янги енгил автомобилларнинг умумий савдоси эса қарийб 370 минг дона бўлган. Электромобиль савдосининг 71 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган.
Демак, электромобиль бозори «мени ҳеч ким олмаяпти, илтимос, давлат ёрдам беринг» деган босқичда эмас. Аксинча, талаб аллақачон жуда тез ўсмоқда. Давлатнинг вазифаси эса шу ўсишни тезлаштириш учун ҳар бир харидорнинг кредит фоизини тўлаш эмас, балки бозорнинг асосий тўсиқларини аниқлаш бўлиши керак.
Бундан ташқари, ҳатто 300 млн сўмлик машина ҳам ҳазилакам пул дегани эмас. Ўртача даромадга эга инсон ҳисобланувчи 7 млн сўмлик маош олувчи ҳам энг арзон электромобилни тўлаши учун 42 ойдан кўпроқ ишлаши керак. Бунда ҳам бутун даромадини автокредитни тўлашга сарфласа.
Айнан шу туфайли одамларда “электромобиль бойларники» деган тасаввур бўлган. Шунинг учун танқидчилар «нега давлат қиммат автомобиль сотиб оладиган одамнинг кредит фоизини ҳамма тўлайдиган солиқлардан қоплаши керак?” деган саволни бермоқда.
Жамоатчилик муҳокамасининг дастлабки натижалари айнан шу кайфиятни кўрсатиб берди. Лойиҳа муҳокамага қўйилганидан тўрт кун ўтиб, уни 3 мингдан ортиқ киши кўрган, 166 киши қарши, атиги 20 киши маъқуллаган, 70 дан ортиқ фикр-мулоҳазада эса асосан танқидий қарашлар билдирилган.
Танқидларнинг бир қисми жуда оддий: агар давлатда одамларни қўллаб-қувватлаш учун пул бўлса, уни 300–400 млн сўмлик автомобиль харид қилаётган фуқарога бериш шартми?
Жамоатчилик фикрларида электромобиль харидорига кредит фоизи субсидияси ўрнига кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, электр тарифларини қайта кўриб чиқиш, болалар учун ижтимоий тўловларни кенгайтириш каби муқобиллар таклиф қилинган.
Асл ечим сифатида электромобилни кредитга олувчига пул бериш ўрнига автомобильнинг ўзини арзонлаштириш, бунинг учун чегарадан олиб киришдаги ҳар хил тўсиқларни камайтириш таклиф қилинмоқда. Танқидчилар ҳам айнан шу жиҳатни сўроқ остига олмоқда: агар мақсад электромобилни оммалаштириш бўлса, нега бир қўл билан электромобиль харидига кредит субсидияси берилиб, бошқа қўл билан импорт электромобилларига харажатларни оширадиган йиғимлар сақланиб турибди?
Экспертлар бу ерда қайсидир бир маҳаллий монополнинг «луқмаси» борлигини айтмоқда. Гап «Ўзавтосаноат» ва BYD Europe қўшма корхонаси бўлган BYD Uzbekistan Factory ҳақида кетмоқда.
Албатта, бу ҳали «субсидия фалон компания учун махсус ишлаб чиқилган» деган хулосани беришга етарли далил эмас. Бундай даъвони исботлаш учун ишлаб чиқувчиларнинг мақсади ва манфаатдор томонлар билан боғлиқлиги ҳақида қўшимча далиллар керак.
Лекин Uzavto’нинг узоқ йиллар халқ онгида шаклланган имиджидан келиб чиқсак, ҳамма нарса бўлиши мумкин, деган хулосага келамиз.
Қимматлашаётган бензин
Дунёга нефть ва газ экспорт қиладиган Россия бугун ўз заправкаларида бензин қидираётган бир пайтда, Марказий Осиё давлатлари ҳам ёнилғи таъминоти харитасини қайтадан чизишга мажбур бўлмоқда. Геосиёсий вазиятнинг ўзига хос ҳазили шундаки, Москва Украинага қарши уруш олиб борар экан, Украина дронлари Россиянинг нефтьни қайта ишлаш заводларига зарба бермоқда. Заводлар фаолияти издан чиқмоқда, Россия ички бозорни таъминлаш учун экспортни қисқартирмоқда. Краннинг нариги томонида эса Марказий Осиё давлатлари турибди.
Улар эса оддий савол бермоқда: “Бизнинг бензин қаерда?”
2026 йил августда Россиядаги ёнилғи тақчиллиги яна кучайди. Энергетика ва молия институти маълумотларига кўра, 14 август ҳолатида Россиядаги АЁҚШларнинг 37,3 фоизида ёнилғи мавжудлигини тасдиқловчи операциялар қайд этилмаган. Аввалги инқироз чўққисида бу кўрсаткич қарийб 33 фоиз эди.
Албатта, бу Россиядаги ҳар учинчи заправкада баклар бутунлай қуруқ дегани эмас. Институтнинг ўзи ҳам индикатор айрим ҳолларда реал танқисликдан кўра карталар орқали амалга оширилган операциялар камайганини акс эттириши мумкинлигини таъкидлайди. Аммо кўрсаткичнинг ёмонлашиши Россия ёнилғи бозоридаги муаммо жиддийлигича қолаётганини кўрсатади.
Москва эса вазиятни “барқарорлашув” деб атамоқда. Россия сиёсий луғатида «барқарорлашув» баъзан муаммо йўқолганини эмас, одамлар муаммога кўникиб қолганини англатиб қолиши ҳам мумкин.Россия нефтьга бой давлат. Лекин нефтьга бой бўлиш заводларни дронлардан ҳимоя қиладиган сеҳрли қалқон бермайди. Украинанинг Россия энергетика инфратузилмасига такрорий ҳужумлари нефтьни қайта ишлаш қувватларига босимни кучайтирди. Натижада Москва ички бозорни ҳимоя қилиш учун бензин ва бошқа нефть маҳсулотлари экспортини чеклашга мажбур бўлмоқда.
Россия учун бу ички бозорни сақлаб қолиш чораси. Марказий Осиё учун эса муаммо. Чунки минтақанинг айрим давлатлари Россия ёнилғисига ниҳоятда катта даражада боғланган.
2026 йил бошигача Қирғизистон ва Тожикистон ёнилғи таъминотининг қарийб 90 фоизини Россиядан олган. Июль охирига келиб эса Москва Қирғизистоннинг йил охиригача бўлган эҳтиёжининг фақат ярмига яқинини етказиб беришга рози бўлди.
Бишкек учун энди савол “Россия бензини қимматлашадими?” эмас, “Россиядан келмай қолган бензиннинг ўрнини ким босади?”
Қирғизистон жавобни тез изламоқда. Мамлакат Ўзбекистон ва Қозоғистон билан ёнилғи етказиб бериш бўйича келишувларга эришган. Беларусь ва Хитойдан ҳам импорт йўлга қўйилган. Туркия ва Европа Иттифоқидан ёнилғи олиш масаласи бўйича музокаралар давом этмоқда.Бундан ташқари, Бишкек ўзининг қайта ишлаш имкониятини кенгайтиришга уринмоқда. Янги завод йилига қарийб 450 минг тонна нефть маҳсулоти ишлаб чиқариши ва мамлакат эҳтиёжининг қарийб чорак қисмини қоплаши кутилмоқда. Яъни Қирғизистон «битта қудуққа қараб қолиш» сиёсатидан чиқишга уринмоқда.
Бу ерда муҳим иқтисодий сабоқ бор: тинч даврда энг арзон ва қулай импорт манбаи жуда яхши танлов бўлиши мумкин. Аммо геосиёсий инқироз келганда айнан ўша манбага ҳаддан ташқари боғлиқлик стратегик заифликка айланади.Тожикистон ҳам Россиядан келадиган ёнилғига қарамликни камайтирмоқда.2026 йил июлида мамлакат Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан ёнилғи импортини июнь ойига нисбатан уч баравар ошириб, 34 минг тоннага етказди. Шу даврда Россиядан бензин етказиб бериш деярли икки баравар қисқариб, 14 минг тоннадан бироз ошди.
Душанбе Қозоғистон ва Хитой билан қўшимча етказиб бериш бўйича музокара олиб бормоқда. Тожикистон Энергетика вазирлиги мамлакатдаги ёқилғи захиралари тахминан 60 кунга етишини билдирган.
Шундай қилиб, Марказий Осиёда энергетик диверсификация энди халқаро конференцияларда чиройли эшитиладиган ибора эмас.
Ўзбекистоннинг вазияти Қирғизистон ва Тожикистонга қараганда анча қулай. Мамлакат Россия энергетикасига нисбатан камроқ боғланган. Ўзбекистонда ойига 100 минг тоннагача нефть маҳсулоти ишлаб чиқариш имконияти мавжуд бўлиб, бу ички эҳтиёжнинг қарийб 60 фоизини қоплайди.
Аммо қолган 40 фоиз қаердандир келиши керак. Шу сабабли Тошкент Грузия, Ироқ ва бошқа давлатлардан ёнилғи импортини кенгайтириш имкониятларини изламоқда. Бироқ “Россияга камроқ боғлиқ” дегани “Россиядаги инқироз Ўзбекистонга таъсир қилмайди” дегани эмас. Бензин нархлари бунинг ўзига хос жавобини бермоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил май ойида бензиннинг ўртача истеъмол нархи бир ойда 0,6 фоизга, йиллик ҳисобда эса 12 фоизга ошган. АИ-92 нархи ой давомида 0,6 фоиз, АИ-95 0,8 фоиз, АИ-98 ва АИ-100 эса 1,6 фоиздан қимматлашган. Пропан нархи эса бир ойда 1,9 фоиз, йиллик ҳисобда 22,1 фоизга ошган.
29 июнь куни биржа савдоларида АИ-92 бензинининг бир тоннаси 13 миллион 919 минг сўмдан сотилди. Демак, фронт чизиғи минглаб километр узоқда бўлса ҳам, унинг иқтисодий “ўқи” заправкадаги чекдан ўтиши мумкин.
Муаммо авиацияга ҳам етиб бормоқда.Марказий Осиё орқали авиарейслар, жумладан Россиядан Ўзбекистонга парвозлар сонининг ортиши авиакеросинга бўлган талабни оширмоқда. Шу сабабли Ўзбекистон ички авиакеросин ишлаб чиқаришни кўпайтиришни режалаштирмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, мамлакатдаги ёнилғи захиралари икки-уч ойга етади. Бу ёмон кўрсаткич эмас. Аммо узоқ давом этадиган глобал ёки минтақавий узилишларга чексиз вақт бардош бериш учун ҳам етарли эмас.Шу жиҳатдан Россиядаги вазият Марказий Осиё учун оддий иқтисодий сигнал эмас, балки огоҳлантиришдир.
Қозоғистон ва Туркманистон минтақадаги бошқа давлатлардан фарқли равишда ички нефть маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини асосан ўзлари қоплайди. Шу сабабли улар қўшниларга қўшимча ёнилғи етказиб бериш имкониятига эга. Лекин бу ерда ҳам бир муаммо бор: Қозоғистоннинг ўз истеъмоли мавжуд.
Ёқилғи нархларидаги фарқ эса уни чегарадан олиб чиқишга уринишларни кучайтиради. 5 июль куни Қозоғистон молия вазири ўринбосари Ержан Бижанов икки сутка ичида мамлакатдан нефть маҳсулотларини олиб чиқишга бўлган 61 та уриниш тўхтатилганини маълум қилган.
Йил бошидан эса умумий ҳажми 40 минг литрдан ортиқ нефть маҳсулотларини ноқонуний олиб чиқишга уриниш билан боғлиқ 593 та ҳолат аниқланган.
Иқтисодиётнинг ўзига хос ҳазили шундаки, контрабанда ҳам талаб ва таклиф қонунларини жуда яхши тушунади. Қаерда бензин арзон бўлса, у ерда уни олиб чиқишга қизиқиш пайдо бўлади. Давлат эса чегарага қўриқчи қўяди.Россиянинг ўзи ҳам муаммони четлаб ўтиш учун ноодатий вариантларни изламоқда. Жумладан, Россия нефтини Қозоғистонда қайта ишлаб, тайёр маҳсулотни ички бозорда сотиш ёки Россияга қайтариш имконияти муҳокама қилинмоқда.
Мантиқ оддий: Украина дронлари Россиядаги заводга етиб борса, заводни бошқа жойга кўчиришнинг ўзи шарт эмас — нефтни қўшнига олиб бориб, ўша ерда қайта ишлаш мумкин. Шундай қилиб, Россия ўз нефтини экспорт қилиб, Қозоғистонда бензин ишлаб, яна ўша бензинни сотиб олиши мумкин.
Геосиёсат баъзан шундай мураккаблашадики, «бензин қаерда ишлаб чиқарилди?» деган саволга харитадан кўра Excel жадвали кўпроқ ёрдам беради.
Бу жараённинг энг муҳим жиҳати — Марказий Осиёнинг энергетик харитаси ўзгараётганидир. Қирғизистон Россиядан ташқари Ўзбекистон, Қозоғистон, Беларусь ва Хитойга қарамоқда. Тожикистон Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан импортни оширмоқда. Ўзбекистон Грузия ва Ироқ каби йўналишларни кўриб чиқмоқда.
Бу Россиянинг минтақа ёнилғи бозоридаги улушини камайтириши мумкин. Энергетика эса фақат нефть ёки бензин савдоси эмас. У сиёсий таъсир воситаси ҳамдир.Агар бир давлат сиздан 90 фоиз ёнилғи олса, сиз унинг учун шунчаки сотувчи бўлмайсиз. Сиз унинг энергетик хавфсизлигининг муҳим қисмига айланасиз.
Аммо у давлат бир вақтнинг ўзида Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Беларусь, Туркия ва бошқа манбалар билан шартномалар туза бошласа, сизнинг таъсирингиз ҳам камаяди. Шу маънода Россиянинг Украинадаги уруши фақат ҳарбий ва сиёсий харитани эмас, энергетик харитани ҳам ўзгартирмоқда.
Live
БарчасиИрина Мудра қўлга олинди
19 август