“Космос”дан ўзбекистонликларга огоҳлантириш келди

Жамият

image

Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги “Uzcosmos” Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳамда Экология, атроф- муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги далаларда сомон ёқаётганлар кузатилаётгани ва улар жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги хабар берди. 

Маълум қилинишича, ҳозирда жуда кўп ҳолатда республика ҳудудидаги бошоқли дон экинларидан бўшаган ер майдонларида, сомон поялари ва уларнинг қолдиқларини ноқонуний ёқиб юбориш билан боғлиқ минглаб салбий ҳолатлар аниқланмоқда. Бу эса минглаб гектар серҳосил майдонларнинг унумдорлиги пасайиб, тупроқ структурасининг бузилиши, ерлардаги фойдали макро ва микроэлементларнинг йўқ бўлиб кетиши, экин ҳудудларининг балл бонитети кескин тушиши каби аянчли оқибатларга олиб келмоқда.

Шу сабабли агентлик барча аҳолидан шу каби ноқонуний ҳолатларга йўл қўймасликни қатъий талаб қилган. 

Маълумот учун, мазкур ҳуқуқбузарлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси (атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик) 3-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаригача жарималар қўлланилади ҳамда ёнғин содир бўлган ғалла экин майдонларнинг ҳар бир гектарига етказилган зарар бўйича амалдаги тартиб асосида иқтисодий чоралар кўрилади. Бунда зарар миқдори катта бўлса ҳаттоки жиноий жавогарликкача олиб бориши мумкин.

Қолаверса, бу каби ҳолатлар фермер хўжалигига ажратилган ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишда экологик талаблар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилиш мажбуриятлари бажарилмаганини ҳам ифодалайди. Агентликнинг қўшимча қилишича, далаларда сомон ёниши сунъий йўлдош орқали кузатиб борилмоқда ва суратлар ҳуқуқ-тартибот идораларига тезкор узатилмоқда. 

“Шу ўринда қўштирноқ ичидаги уддабурон фермер ва тадбиркорларга эслатиб ўтмоқчимиз. Респубилика миқёсида сомон поялари ва уларнинг қолдиқларини ноқонуний ёқиш билан боғлиқ ҳолатлар бевосита Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги “Ўзбеккосмос” томонидан сунъий йўлдош суратлари орқали кунлик мониторинг қилиб борилади. Маълумотлар эса ҳуқуқ тартибот органларига ўз вақтида тақдим этилади”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Uzcosmos

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг