Коррупция можароси: Украина Бош прокурори ва Президенти офисида тинтув ўтказилди

Олам

image

Украинада Миллий коррупцияга қарши бюро (НАБУ) ва Ихтисослаштирилган коррупцияга қарши прокуратура (САП) юқори лавозимдаги амалдорларга нисбатан терговни давом эттирмоқда. Бу ҳақда мамлакат ОАВлари хабар берди.

Маълум қилинишича, тергов доирасида Украина Бош прокурори Руслан Кравченко, унинг ўринбосари Мария Вдовиченко ва Одесса вилояти маъмурияти раҳбари Олег Кипернинг уйи ва иш жойларида тинтувлар ўтказилган.

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, НАБУ ва САП Украина Бош прокуратурасидаги мансабдор шахс бошчилигидаги жиноий ташкилот фаолиятини фош этишга қаратилган махсус операция ўтказмоқда. Терговчилар ушбу шахс фирибгарлик колл-марказлари тармоғини ҳимоя қилиш ва ноқонуний йўл билан олинган мол-мулкни легаллаштириш схемаларига алоқадор бўлган, деб ҳисобламоқда.

Аввалроқ ОАВларида Бош прокуратуранинг халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик департаменти бошлиғи ўринбосари Сергей Кропиванинг қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Олий Рада депутати Алексей Гончаренко эса ўзининг Telegram-каналида НАБУ ходимлари Украина Президенти офисида ҳам тергов ҳаракатларини ўтказаётганини ёзган.

Ҳозирча тинтувлар юзасидан Украина расмийлари томонидан расмий маълумот берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, НАБУ аввалроқ юқори лавозимдаги амалдорлар томонидан ташкил этилган коррупция схемаларини тергов қилаётганини маълум қилган эди. Улар орасида “Энергоатом” давлат концернига оид схемалар ҳам бўлган.

Тергов версиясига кўра, мазкур схемаларни Тимур Миндич ташкил этган. У шартномалар учун “откат” талаб қилиш ва Украина Президенти Владимир Зеленский билан яқин муносабатларидан фойдаланишда гумон қилинмоқда.

Ўтган йилнинг 28 ноябрида Зеленский Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермакни лавозимидан озод қилиш ҳақида фармон имзолаган.

Кейинчалик НАБУ Тимур Миндичнинг хонадонида ёзиб олинган суҳбатларни ҳам эълон қилди. Уларда коррупция схемалари муҳокама қилингани айтилган.

НАБУ маълумотларига кўра, Миндич бошчилигидаги жиноий гуруҳ фаолиятига амалдаги ва собиқ тўрт нафар вазир алоқадор бўлган. Украина ОАВлари улардан бири собиқ Энергетика вазири Герман Галушенко эканини хабар қилган.

НАБУ ва САП аввалроқ Киевда ўтказилган “Форрест Гамп” ва “Фемида” номли кенг кўламли махсус операциялар натижаларини ҳам эълон қилган эди. Мазкур операциялар доирасида юқори лавозимдаги амалдорлар иштирокидаги эҳтимолий коррупция схемалари текширилган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг