Ермакнинг уйида тинтув ўтказилди
Олам
−
28 Ноябрь 2025 12353 2 дақиқа
Украина Миллий антикоррупция бюроси мамлакат Президенти идораси раҳбари Андрей Ермакнинг уйида тинтув ўтказди. Бу ҳақда бюро матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 28 ноябрь куни “Украинская правда” нашри Миллий антикоррупция бюроси (МАБ) ва Махсус антикоррупция прокуратураси (МАП) эрта тонгдан буён Президент администрацияси раҳбари Андрей Ермакнинг ҳукумат маҳалласидаги уйида тинтув ўтказаётгани ҳақида хабар тарқатди. Нашр мухбирлари ҳукумат маҳалласи ҳудудига тахминан 10 нафар МАБ ва МАП ходими кириб кетаётганини тасвирга олишга муваффақ бўлган. Кейинроқ бу маълумотни МАБ расмий равишда тасдиқлаган.
“Миллий антикоррупция бюроси ва Махсус антикоррупция прокуратураси Украина Президенти офиси раҳбарининг уйида тергов ҳаракатларини (тинтув) ўтказмоқда. Тинтув ҳаракатлари тергов доирасида амалга оширилмоқда. Тафсилотлар кейинроқ эълон қилинади”, дейилган хабарда.
Бу орада “Financial Times” нашрининг Украинадаги мухбири Кристофер Миллер Ермакка қандай гумонлар қўйилиши мумкинлигини айтган.
“Менинг манбаларим тинтувлар Президент Зеленский администрацияси раҳбари Андрей Ермакнинг Киевдаги уйида энергетика секторидаги йирик коррупцион схемалар бўйича олиб борилаётган “Мидас” тергови билан боғлиқ эканини айтмоқда. МАБ ҳам ўз баёнотида коррупцияга қарши кураш ходимлари ҳозир унинг уйида тинтув ўтказаётганини тасдиқлайди”, дейди Миллер.
Андрей Ермакнинг ўзи ҳам тинтув бўйича баёнот берган.
“Бугун МАБ ва МАП ростдан ҳам менинг уйимда процессуал ҳаракатларни ўтказмоқда. Терговчиларга ҳеч қандай тўсқинлик йўқ. Уларга квартирага тўлиқ кириш имконияти берилган, жойда менинг адвокатларим бор, улар ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Мен томондан тўлиқ ёрдам кўрсатилмоқда”, дейди Ермак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинанинг “Энергоатом” давлат компаниясидаги йирик коррупцион схема фош этилгани ҳақида хабар берилган эди. Иш фигурантларидан бири – тадбиркор Тимур Миндич бўлиб, у Президент Владимир Зеленскийнинг яқин дўсти сифатида тилга олинади. Тахминларга кўра, у мамлакатни тарк этган. Можаро фонида Адлия вазири ва Энергетика вазири ўз лавозимларидан озод этилган. Ҳукумат “Энергоатом”да “тозалаш” ишлари кетаётганини маълум қилган.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025