Коррупция ҳақида ахборот берувчиларнинг маълумотлари давлат сирига тенглаштирилади
Жамият
−
25 Декабрь 2020
5541Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид лойиҳа жойлаштирилди.
Лойиҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётганларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш таклиф қилинмоқда.
Унга кўра, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасини қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф қилиняпти:
“Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг шахси сир сақланиши, ўзининг, шунингдек яқин қариндошларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиниши давлат томонидан кафолатланади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар тўғрисидаги маълумотлар давлат сирини ташкил этади ва ошкор қилиниши мумкин эмас. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустасно.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларга, шунингдек уларнинг яқин қариндошларига зўрлик ишлатиш ёки мол-мулкини йўқ қилиш билан ҳақиқатда таҳдид қилинаётганлигидан далолат берувчи етарли маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, коррупцияга қарши курашиш фаолиятини амалга оширувчи органлар уларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулкини ҳимоя қилиш юзасидан зарур чоралар кўриши шарт.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларга ва уларнинг яқин қариндошларига уларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот тақдим этганлиги туфайли тажовуз қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларни рағбатлантириш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ушбу модданинг қоидалари коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида била туриб ёлғон ахборот берган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди, улар қонунга мувофиқ жавобгар бўлади”.
Лойиҳа 2021 йилнинг 8 январигача муҳокама қилинади.
LiveБарчаси