Коррупцион жиноят қилган 566 киши давлат ишига қайтиб, яна коррупцияга қўл урган
Жамият
−
10 Сентябрь
6530Ўзбекистонда коррупцион жиноятларни содир этган 566 нафар шахс 2023 йилда давлат хизматига қайта қабул қилинган ва яна коррупцияга қўл урган. Бу ҳақда депутат Умида Раҳмонова Қонунчилик палатасининг бугун, 10 сентябрь кунги йиғилишида маълум қилди.
Депутат йиғилишда ҳисобот берган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳоновдан реестр қачон ишга тушишини сўради. У бундай ҳолат коррупцион жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ реестри ҳалигача ташкил этилмаганининг оқибати эканини билдирган.
Бурҳоновга кўра, дастлабки қонун лойиҳаси 2022 йил бошида ишлаб чиқилиб, ўтган вақт давомида вазирлик-идоралар билан келишилган ва жорий йил бошида Президент администрациясига киритилган.
“Лекин администрация томонидан бир қатор эътирозлар бўлди, халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштириш бўйича вазифа юклатилган эди. Биз вазифалардан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини янада такомиллаштирдик. Шу кунларда яна бир марта охирги версиясини Президент администрацияси орқали Қонунчилик палатасига киритишни режалаштирганмиз. Ўйлайманки, шу ой охирига қадар бу қонунни сизларнинг эътиборингизга кўриб чиқиш учун киритамиз”, деган у.
Маълумот учун, коррупционерларнинг очиқ электрон реестрини юритиш 2021 йил июль 6 июлдаги Президент фармонида белгиланган эди. Фармонга кўра, 2021 йил 1 октябргача тегишли қонун лойиҳаси Президент администрациясига киритилиши керак эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига мувофиқ, давлат хизматчилари даромадлари ва мол-мулки декларация қилиниши ҳақида хабар берилганди. Бироқ давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялаш ҳақидаги қонун лойиҳаси ҳам бир неча йилдан бери кечикмоқда.
LiveБарчаси