Коронавируснинг янги штамми қандай юқяпти? Мутахассис тушунтириш берди
Саломатлик
−
04 Январь 2021
26247Маълумки, охирги вақтларда дунёнинг кўплаб мамлакатларида, айниқса, Европада минтақасида коронавируснинг янги штамми аниқланиб, ушбу хасталикка чалинганлар сони ортиб бормоқда. Шу боис Ўзбекистон қатор мамлакатлар, хусусан коронавируснинг янги штамми дояси саналаётган Буюк Британия билан ҳам авиақатновларни тўхтатди. Хўш, ушбу хавфли вируснинг янги штамми қандай? У эскисидан нимаси билан фарқланади. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева бу ҳақда маълумот берди.
“2020 йил коронавирус пандемияси билан эсда қолди. Бу вируснинг асоратларини аввалига тушунмадик. Шунга қарамасдан, ўз вақтида бу касалликни даволаш, касаллик асоратларининг олдини олиш ва тарқалишини назорат қилиш орқали коронавирусдан касалланиш ҳолатларининг нисбатан камайишига эришдик”, дейди Севара Убайдуллаева.
Мутахассиснинг маълум қилишича, ҳозирда мамлакатда коронавирус инфекцияси билан бир қаторда юқумли бўлган бошқа инфекциялар ҳам назоратга олинган.
“Бу кўчаларда бемалол юришимиз мумкин, дегани эмас. Сабаби, ҳозир дунёда ҳам, юртимизда ҳам коронавирус инфекцияси тўлиқ йўқ бўлиб кетмади. Айниқса, бу инфекция бошқа вируслардан фарқли ўлароқ, тез-тез мутацияга учрамоқда. Хусусан, Буюк Британияда мутацияга учраган янги штамми тезлик билан тарқалмоқда. Охирги сутка давомида дунёда коронавирус инфекцияси билан касалланишнинг 740 221 янги ҳолати аниқланиши, энг ачиналиси, 12 502 нафар бемор вафот етгани бизни ҳушёр торттириши керак.
Аввал ҳам таъкидлаганимиздек, янги штамм таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, мутациядан сўнг вируснинг тож оқсилларида ўзгариш бўлган – булар вируснинг одам танаси ҳужайралари қобиғидан ўтиб, ичкарига киришида калит вазифасини ўтовчи қисмидир. Вирус шу тожлар орқали тана ҳужайраси юзаси билан контактга киришади. Ишлаб чиқилаётган вакциналар коронавируснинг ташқи қобиғи, яъни ёғ кислотаси мавжуд S-оқсилли қобиғига таъсир қилади. Коронавирус мутацияга учраб, ўз генетик штаммини ўзгартирса ҳам вакциналар унинг янги штаммларига таъсир кўрсатиши тўғрисида Буюк Британия ва Россия олимлари таъкидлаб келмоқда”, дейди мутахассис.
Буюк Британия олимларининг таъкидлашича, коронавируснинг бу штамми инфекциянинг одатий турига кўра юқумлилиги 71 фоизни ташкил этади, яъни бирламчи пайдо бўлган коронавирус инфекциясига қараганда ўта юқумлидир. Шу боис, бу касаллик кириб келишининг олдини олиш мақсадида 20 дан ортиқ давлатлар Буюк Британия билан авиақатновларни тўхтатди.
“Дунёдаги кўпгина давлатлар ўз ихтиёри ва имкониятидан келиб чиқиб, бошқа давлатлардан кириб келаётган фуқароларни текширувдан ўтказмоқда. Бу билан коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олишга қисман эришмоқдалар. Хусусан, бизда ҳам ҳар бир чегара худудларида, авиақатнов ёки темир йўллар орқали кириб келаётган фуқаролар текширувдан ўтказилмоқда.
Бу касаллик тарқалишининг олдини олишда юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг масъулияти жуда муҳим. Шу боис, энг авваало, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, касаллик тарқалишининг олдини олишда ва бошқаларга юқтиришдан ҳимояланишда энг қулай усулдир”, дейди Севара Убайдуллаева.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги бир ҳафта ичида авиақатновлар орқали хориждан Ўзбекистонга кириб келган 21 кишида коронавирус аниқланди.