Коронавирусга қарши курашда ОТБ Ўзбекистонга 1 миллиард доллар бериши мумкин
Жамият
−
02 Апрель 2020
6453Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистоннинг коронавирус тарқалиши билан боғлиқ тиббий эҳтиёжлари учун 200 минг АҚШ долларига тенг миқдорида грант ажратилишини маъқуллади. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Кеча, 1 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва ОТБ Президенти Масацугу Асакава ўртасида видеоконференция форматида суҳбат бўлиб ўтди. Унда коронавирус тарқалишидан Ўзбекистон аҳолисини ҳимоялаш ва глобал пандемиянинг мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларига таъсирини юмшатиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда мазкур масалаларда ОТБнинг Ўзбекистонга кўрсата оладиган ёрдами механизмлари муҳокама қилинди.
Маълумотларга кўра, банк томонидан Республика соғлиқни сақлаш тизимини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилган қўшимча маблағларни жалб қилиш истиқболлари кўриб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, яқин кунларда Банк раҳбарияти томонидан ва пандемияда шароитида Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишини рағбатлантириш ва барқарорлигини таъминлаш учун қўшимча молиявий ресурсларни ажратиш масаласини кўриб чиқилади.
Суҳбат давомида ОТБнинг Ўзбекистонга 1 миллиард АҚШ долларигача бюджет маблағларини ажратиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш масаласи алоҳида муҳокама қилинди. Масацугу Асакава ушбу масалани ҳал қилиш учун Банкда алоҳида гуруҳ тузганлиги ва ушбу масалани маъқуллаш ва молиявий ёрдам маблағларини ажратиш жараёнларини тезлаштириш учун барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилишини маълум қилган.
LiveБарчаси