Коронавирусдан энг кўп бемор тузалган Хитой провинциясидан Ўзбекистонга шифокорлар етиб келди
Жамият
−
17 Апрель 2020
7099Хитойлик шифокорлар ва тиббиёт мутахассисларидан иборат 15 кишилик гуруҳ Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
“Ушбу ташриф икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик самараси ўлароқ амалга оширилди. Хитойлик мутахассислар мамлакатимизда COVID-19нинг олдини олиш, назорат қилиш ва даволашни ташкил этишда юртимиз тиббиёт ходимларига яқиндан кўмаклашади“, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, мазкур тиббий гуруҳ Цзянси провинциясининг Наньчан шаҳридан келишган. Ушбу провинция тузалиб кетган беморлар сони бўйича Хитойда биринчи ўринда туради.
Тиббий гуруҳ таркибига вирусолог, эпидемиолог, пульмонолог, терапевт, жарроҳ ва юқумли касалликлар бўйича мутахассислар киради. Улар орасида жорий йилнинг январь-февраль ойларида Хитойда коронавирусга қарши миллий кураш доирасида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун тўғридан-тўғри COVID-19нинг тарқалиш марказига – Ухань шаҳрига ва Хубэй провинциясининг бошқа шаҳарларига юборилган етакчи клиникаларнинг тажрибали шифокорлари ҳам бор.
Айни пайтда хитойлик шифокорлар билан бирга, Хитой Халқ Республикаси ҳукумати номидан зарур тиббий буюмлар ва дори-дармонлар воситаларидан иборат гуманитар ёрдам ҳам олиб келингани айтилмоқда.
LiveБарчаси