Коронавирус “ўчоғи”дан келган ўзбекистонликлар учун карантин тугади
Жамият
−
19 Февраль 2020
5477COVID-19 коронавируси пайдо бўлган Хитойнинг Ухань шаҳридан олиб келинган Ўзбекистон фуқароларида вирус билан касалланиш аниқланмади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Бугун ушбу даволаш муассасасида жойлаштирилган 84 нафар фуқаро карантин муддати якунига етиши муносабати билан уйига кузатилди.
Ухань шаҳридан Тошкент халқаро аэропортига қўнган мазкур рейсда 84 нафар фуқаро, шу жумладан, 5 нафар Қозоғистон Республикаси фуқароси келганди. Шундан 61 нафари эркак, 20 нафари хотин-қизлар ва 3 нафари вояга етмаган болалардир.
Йўловчилар махсус автобусларда коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, хавфсиз санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида Тошкент шаҳридаги 6-сон клиник шифохонасига олиб бориб, жойлаштирилди.
Мазкур шифохонада 110 та ўрин тайёрланган бўлиб, тиббий кузатув олиб бориш учун тегишли тиббий жиҳозлар ва зарур дори воситалари билан таъминланди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосан, коронавирус инкубацияси даврини ҳисобга олган ҳолда, Ухандан олиб келинган фуқароларимиз 14 кун давомида халқаро санитария-эпедимиология талаблари асосида қатъий карантин ҳолатида сақланди. Карантин даврининг боши ва охирида 84 нафар фуқаро икки марта коронавирус инфекцияси бор йўқлигини аниқлаш бўйича вирусологик лаборатория текширувларидан ўтказилди. Таҳлил натижалари бирор фуқарода ҳам коронавирус инфекцияси йўқлигини аниқлаб берди.
Эслатиб ўтамиз, кеча Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб кеинган 294 нафар Ўзбекистон фуқароси учун карантин муддати тугагани ва улар уйига кузатилгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси