“Бўстон”да карантинда сақланган 294 фуқаро уйига кузатилди (фото)
Жамият
−
18 Февраль 2020
7213Аввалроқ, турли мақсадларда Хитойда сафарда бўлган жами 584 нафар ўзбекистонлик жорий йилнинг 4-6 февраль кунлари учта чартер рейс орқали мамлакатга олиб келингани ҳақида хабар берган эдик. Уларнинг 459 нафари эркак ва 125 нафари хотин-қизлардир. Уларнинг бари 14 кунлик карантинга олинганди.
Бугун, 18 февраль куни “Бўстон” санаторийсида жойлаштирилган 294 нафар фуқарони карантин муддати якунига етиши муносабати билан уйига кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосан, коронавирус инкубацияси даврини ҳисобга олган ҳолда, Хитойдан олиб келинган фуқаролар 14 кун давомида халқаро санитария-эпедимиология талаблари асосида қатъий карантин ҳолатида сақланди. Шу давр якунига қадар тиббий кузатув ва махсус лаборатория текширувлари тўлиқ, халқаро стандартлар бўйича олиб борилди. Карантинда бўлган фуқаролар биринчи кун ва инкубация даврининг тугаши билан, яъни икки марта коронавирус инфекцияси бор йўқлигини аниқлаш бўйича вирусологик лаборатория текширувларидан ўтказилди. Таҳлил натижалари бирор фуқарода ҳам коронавирус инфекцияси йўқлигини аниқлаб берди.
“Бўстон” санаторийси тўлиқ карантин талаблари асосида жиҳозланди. Кузатув олиб бориш учун тегишли тиббий жиҳозлар ва зарур дори воситалари билан таъминланди. Хусусан, коронавирус диагностикаси воситаларининг зарур захиралари яратилиб, керакли дори ҳамда дезинфекция воситалари, ускуналар, сарфлаш материаллари, шунингдек, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланди. Соҳанинг етук мутахассислари томонидан Ухан шаҳри ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб келинган фуқаролар алоҳида назорат остида бўлиб, мунтазам тиббий текширувлардан ўтказилди. Шунингдек, мазкур тиббиёт муассасаларида барча керакли маиший воситалар ва зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. Ошхоналарда 14 кунлик таомнома тузилиб, кунига уч марта сифатли овқатланиш ташкил этилди”, дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитания-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов.
Барча муассасаларда юқумли касалликлар бўйича малакали вирусолог, эпидемиолог ва бошқа етакчи шифокор-мутахассислар иш олиб боришди. Улар карантин муассасасида белгиланган муддат якунига етгунга қадар фаолият юритишди. Шунингдек, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида ички ишлар органлари, Миллий гвардия ходимлари жалб этилиб, улар алоҳида биноларга жойлаштирилди.
Эрта индин карантин муддати якунига етиши муносабати билан бошқа тиббиёт муассасаларидаги Хитойдан олиб келинган фуқароларимиз ҳам ўз уйларига кузатилади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15