Коронавирус тарқалиши секинлашдими?

Олам

image

2019-nCoV коронавирусининг тарқалишини чеклаш бўйича Хитой Халқ Республикаси ҳукумати томонидан кўрилган чора-тадбирлар вируснинг янада янги-янги ҳудудларга чиқиб кетмаслигига ёрдам бера бошлади. Шунингдек, халқаро экспертлар эълон қилинган статистиканинг тўғрилигига ишона бошлади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директорининг ёрдамчиси Брюс Айлвард матбуот анжуманида маълум қилди.

“Икки ҳафта олдин Хитойга келганимда, янги касалланганлар сони кунига 2 минг нафарга ортаётганди, бизнинг қўшма миссиямиз тугагач, коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар сони сезиларли даражада камайди. Кеча 409 та янги ҳолат қайд этилди, яъни икки ҳафтада камайиш тахминан 80 фоизни ташкил этди”, дейди Айлвард.

Унинг сўзларига кўра, Хитой танлаган стратегия ва вируснинг тарқалишини олдини олиш учун қабул қилинган чора-тадбирлар бундай натижага эришилишига сабабчи бўлди.

Маълумот учун, бугун коронавирус илк бор Баҳрайн ва Афғонистонда қайд этилди.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 34 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия, Ливан, Миср, Эрон, Исроил, Ироқ, Баҳрайн ва Афғонистонда аниқланди.

Вирусдан бугунгача 2619 киши ҳалок бўлди, 79 561 киши у билан касалланди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.

Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Хитой вирус

Баҳолаганлар

98

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг