Коронавирус Путиннинг режаларига тўсиқ бўляпти
Олам
−
23 Март 2020
10523Коронавируснинг Россия Федерациясида тарқалиши фонида мамлакат Конституциясига ўзгартиш киритиш масаласи кун тартибидан олинмоқда. Ушбу масала юзасидан овоз бериш 22 апрель куни ўтказилиши режалаштирилганди, аммо уни кейинга қолдириш юзасидан сиёсий қарор қабул қилинган, деб хабар бермоқда маҳаллий “Ведомости” нашри.
“Асосий ҳужжатга ўзгартиш киритиш бўйича умумроссия овоз бериш санаси янги муддатга кўчирилган, аммо у ҳали белгиланмади. Шу туфайли, кечиктириш ҳам расман эълон қилинмади”, дея маълумот берган нашр.
Кремлга яқин манбанинг нашрга маълум қилишича, овоз беришнинг кечикишига коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб бўлган. Улардан бири апрелда пандемия бўйича вазият ўз чўққисига чиқишини таъкидлаган, шу пайтда овоз беришни ташкил этиш мақсадга номувофиқ бўлишини айтган.
Бошқа манбага кўра, умумроссия овоз бериши июнда бўлиб ўтадиган Ягона давлат имтиҳонларига ҳам боғлиқ. Ўқувчилар мактаб имтиҳонларини топшириши билан ўқув муассасалари биноларида овоз бериш участкалари ташкил қилинади.
Манбалардан бири Президентнинг янги сана белгилаш тўғрисидаги қарори 25 март кунигача эълон қилиниши мумкинлигини айтган.
Аввалроқ, расмий Кремль бош қомусга ўзгартиш киритиш юзасидан овоз беришни 22 апрелда ўтказишга қарор қилганди. Владимир Путин 17 март куни ушбу мазмундаги ҳужжатни имзолаган.
Маълумот учун, бугунги кунда Россияда коронавирусга чалинган беморлар 438 нафарни ташкил қиляпти. Уларнинг 1 нафари вафот этган, 17 нафари даволанган.
LiveБарчаси