Коронавирус пандемияси “Буюк депрессия” даврига тенглаштирилди

Жамият

image

Ғарбий мамлакатлар иқтисодиёти коронавирус пандемияси туфайли 1929 йилдан бери энг ёмон инқирозга дуч келди. Бу фикрни “France Info” радиосида чиқиш қилар экан Франция иқтисодиёт ва молия вазири Брюно Ле Мэр билдирди.

У, биринчи навбатда, мамлакатда ишлаб чиқариш қувватини сақлаб туриш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш кераклигини таъкидлади. 

"Ҳозирги вақтда давлат харажатларининг якуний ҳисоби ҳатто муҳокама ҳам қилинмайди. Aсосийси, фабрикаларимиз, корхоналаримиз, ҳунармандларимиз ва мустақил тадбиркорларимизнинг ишлаб чиқариш имкониятларини қандай сақлаш кераклигида. Биз уларнинг касод бўлишига йўл қўймаймиз. Чунки ҳозирда шафқатсиз иқтисодий инқироз кетяпти. Эҳтимол бу 1929 йилдан бери Ғарб мамлакатларидаги энг ёмон иқтисодий даврдир", деди у. 

Вазир бу билан дунё учун энг қийин синовга айланган 1929-1933 йиллардаги (Буюк депрессия) жаҳон иқтисодий инқирозини назарда тутди. Ушбу давр Европа иқтисодиётига кучли зарба берган эди.

Вазирнинг сўзларига кўра, ҳукумат аллақачон давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган саноат корхоналари рўйхатини тузган. Аммо қайси саноат соҳаларига қанча маблағ ажратилиши ҳақида маълум қилмаган. “Турли секторлар борлигини барча яхши тушунади. Авиация ва автомобилсозлик соҳаларига ёрдам керак", деган Ле Мэр.

Вазирнинг таъкидлашича, айни вақтда 730 минг одам ўзларини “доимий ишсиз” мақомида тан олинишларини сўраб, ҳукуматга мурожаат қилган. Уларга бир неча кун учун 2,2 млрд евро ажратилган. 

“Биз ушбу мақсадлар учун 8,5 миллиард евро ажратдик. Шунингдек, солиқ ва ижтимоий тўловларни тўхтатиб туриш кўзда тутилган, бунинг учун маълум миқдордаги маблағлар ҳам ажратилган”, деди молия вазири.

Францияда коронавирусга 19856 одам чалинди. 1587 бемор шифо топган бўлса, 860 киши вафот этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция коронавирус

Баҳолаганлар

110

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг