Коронавирус хавфи: Туркиядаги ўзбекистонликларга ёрдам берилди (видео)
Олам
−
23 Апрель 2020
6796Пандемия шароитида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ушбу қардош мамлакатда таълим олиш ёки тадқиқот мақсадида келган ўзбекистонлик ёшларга ушбу мамлакатнинг тегишли ташкилот ва инсонпарварлик фондлари кўмагида турли ёрдам акцияларини амалга оширмоқда. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Туркия томонидан хорижий талабалар учун масъул YTB Туркия стипендиялари тузилмаси, İHH инсонпарварлик ёрдами жамғармаси, UDEF Халқаро талабалар уюшмалари федерацияси ёрдам кўрсатяпти.
Хусусан, “YTB” ташкилоти раҳбари Абдуллоҳ Эрен элчихонага ёзган мактубида ўзбекистонлик ёшларни қўллаб-қувватлашини билдириб, шундай дейди:
“Туркияга келиб таҳсил олаётган хорижлик ёшлар қаторида Ўзбекистон талабалари ҳам бизнинг алоҳида эътиборимизда. Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда талабаларимиз алоҳида ўрин тутади. Ишонтириб айтаманки, қардош Ўзбекистоннинг келажак авлод вакиллари саломатлиги ва бахтиёрлиги учун қўлимиздан келган барча чораларни ишга соламиз”.
Туркиянинг Кожаэли университетида магистратура босқичида таҳсил олаётган ўзбекистонлик Назокат Суннатуллаева YTB ташкилоти кўрсатган кўмакдан мамнун.
“Тузилма эпидемия шароитида бизни ёлғиз ташлаб қўймади. Улар томонидан кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Шу кунга қадар ушбу ташкилот тизимида таълим олаётган талабалар учун беғараз асосда нонушта ва кечки таом ташкил қилиб келинмоқда. Шунингдек, талабалар турар жой ва йўл кира харажатларининг маълум қисми ташкилот томонидан қоплаб берилмоқда. Таълим жараёни тўхтаб қолгани йўқ. Дарслар онлайн тарзда давом этмоқда”.
Таъкидлаш жоиз, Туркияда YTB дастури доирасидан ташқари ўз ҳисобидан таҳсил олаётган ватандошлар ҳам бор. Элчихона уларни қўллаб-қувватлашда Туркиянинг IHH Инсонпарварлик ёрдами жамғармаси, унинг минтақалардаги бўлинмалари билан ҳамкорлик қилмоқда. Ҳозирги кунга қадар Караман, Карабук, Кожаэли ва Кастамону вилоятларидаги юз нафардан зиёд ўзбекистонлик талабага зарур озиқ-овқат ва гигиеник воситалар бепул етказиб берилди.
Бундан ташқари, Туркиядаги ватандошларга кўмак бериш мақсадида банкда махсус ҳисоб рақами очилиб, элчихона ходимлари, саховатпеша юртдошлар ҳамда Туркия тадбиркорлари ёрдамида маълум миқдорда маблағ тўпланди. Ушбу маблағларни, биринчи навбатда, эҳтиёжманд фуқароларга йўналтириш мақсад қилинган. Туркияда деярли ҳар бир маҳаллада мавжуд BİM арзонлаштирилган ижтимоий савдо муассасалари тармоғи бош директори билан олиб борилган музокаралар натижасида ушбу тизим дўконлари учун мўлжалланган 50 ҳамда 100 лиралик савдо талонлари имтиёзли шаклда сотиб олинди. Бу талонлар яқинлашиб келаётган муқаддас Рамазон ойи мобайнида эҳтиёжманд ўзбекистонликларга тарқатилади.
Тарихда ҳам инсоният турли синовларни бошидан ўтказган. Аммо барча кулфатлар ҳамжиҳатликда осон енгиб ўтилган. Бугунги синовли кунларда ҳам ўзаро англашув, бир-бирини қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон – Туркия муносабатларида янада аниқ намоён бўлмоқда.
Маълумот учун, Туркияда 98 674 кишида коронавирус инфекцияси аниқланган. Бу борада Туркия дунёда еттинчи ўринда боряпти. Бугунгача вирус юқтирганларнинг 2376 нафари вафот этган, 16477 нафари соғайиб кетган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь