Коронавирус қурбонлари сони 118 нафарга кўпайди. Вирус Эронга етиб борди
Олам
−
21 Февраль 2020
9016Хитойда пайдо бўлган 2019-nCoV коронавируси билан касалланганлар сони ортишда давом этяпти. Бугун, 21 февраль ҳолатига 76 738 киши коронавирусга чалинган. Шундан, 74 465 бемор Хитойнинг материк қисмида аниқланган.
Вирусга чалинганларнинг 18 561 нафари даволанган. 12 065 нафар бемор оғир аҳволда қоляпти.
2019-nCoV коронавирусидан ҳалок бўлганлар 2247 нафарга етди. Ўлганлар сони бир кунда 118 нафарга кўпайди. Эронда икки киши коронавирусдан вафот этди. Шу вақтгача Эронда коронавирус аниқлангани ҳақида маълумот йўқ эди.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 29 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия, Миср ва Эронда аниқланди.
ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.
Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.
LiveБарчаси