Коронавирус: қурбонлар сони 500 га, даволанганлар 1000 га яқинлашди
Олам
−
05 Февраль 2020
6706Хитойда пайдо бўлиб, дунёга тарқалган янги 2019-nCoV коронавируси қурбонлари ва у билан касалланганлар бўйича 5 февралнинг дастлабки маълумотларига тўхталиб ўтамиз.
Бугун, 5 февраль маълумотига кўра, коронавирус қурбонлари сони бутун дунёда 492 нафарга етди. Шулардан 490 нафари Хитойда, 1 нафардан Гонконг ва Филиппинда вафот этган.
Вирусга чалинганлар сони 24552 нафарга етди. Шуларнинг 24324 нафари Хитойда, қолганлари дунёнинг 26 мамлакатида аниқланган. Беморларнинг 13 фоизи ёки 3223 нафари оғир аҳволда.
Шу билан бирга вирусни енгиб, даволанганлар сони ҳам ортиб боряпти. Бугунгача 911 нафар одам коронавирусдан даволаниб, шифохонадан чиқарилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги коронавирус эпидемиясини пандемия, яъни дунё миқёсидаги кучли эпидемия деб олмади. Ташкилот мутасаддилари вазият бу даражага етиб келмаганини таъкидлади.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 26 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал ва Испанияда аниқланди.
ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.
LiveБарчаси