Коронавирус: қурбонлар сони 4299 нафарга етди. Вирус Туркияга ҳам кирди
Олам
−
11 Март 2020
14154Бугун, 11 март ҳолатига дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 119 214 нафарга етди. Шундан 66 621 нафар бемор вирусдан даволаниб, уйига жавоб берилган.
Коронавирусга чалиниб, ундан ҳалок бўлганлар сони 4299 нафарга етди. Айни вақтда вирус фаол бўлиб турган 48 295 нафар бемор мавжуд. Уларнинг 5747 нафари ёки 12 фоизи оғир аҳволда.
Коронавирус билан боғлиқ вазият Хитойда ўнглана бошлади. Кунлик беморлар сони ортиши ҳам сезиларли камайган. Аммо Жанубий Корея, Италия ва Эронда вазият жиддий. Италияда барча тадбирлар бекор қилиниб, мактаблар ёпиб қўйилди. Зарурат бўлмаганда одамларнинг мамлакат бўйлаб ҳаракатланиши ҳам чекланди.
Италияда вирусга чалинганлар сони 10 149 нафарга етиб, уларнинг 631 нафари вафот этган. Эронда 8042 киши вирусга чалинган ва уларнинг 291 нафари ҳалок бўлган. Жанубий Кореяда эса 7755 кишида коронавирус аниқланган ва 61 кишининг ҳаётига зомин бўлган.
Коронавирус Осиёнинг яна бир аҳоли кўп ва миллионлаб сайёҳлар ташриф буюрувчи давлати – Туркияда ҳам аниқланди. Бу ҳақда Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Кожа маълум қилди.
Вирус аниқланган одам Туркия фуқароси. У яқинда Европада бўлиб қайтган. У карантинга олинган. Беморнинг аҳволи қониқарли экани маълум қилинди. Бундан ташқари, унинг оила аъзолари ва у билан яқин алоқада бўлганлар ҳам карантинга олинган.