Мансаб, обрў, лавозим танламас бало: Коронавирус қайси машҳурларга етиб борди?
Бу қизиқ
−
26 Март 2020
13219Коронавирус дунё бўйлаб тарқалишда давом этмоқда ва ҳеч кимни четлаб ўтаётгани йўқ. Кун сайин таниқли актёрлар, спортчилар, сиёсатчиларнинг COVID-19 вирусини юқтирганликлари ҳақидаги хабарлар ортиб бормоқда.
Хусусан испаниялик опера қўшиқчиси ва дирижёр Пласидо Доминго коронавирус юқтиргани маълум бўлди. 79 ёшли мусиқачи Facebook’да бу ҳақда гапиришни ахлоқий бурчи деб билишини ёзди.
Машҳур одамлардан яна кимлар коронавирус билан касалланган?
Пласидо Доминго иситма ва йўтал каби симптомлар билан шифокорга мурожаат қилган. Унда коронавирус аниқланган. Шундан сўнг Доминго ўзи ва унинг оиласи зарур деб топилган вақтгача ёлғиз қолишини таъкидлади.
"Ювентус"нинг 25 ёшли ҳимоячиси Даниэле Ругани 11 март куни коронавирус тестининг жавоби ижобий чиққанини маълум қилди. Ушбу мавсумда Ругани "Ювентус" сафида 7 та ўйинда майдонга тушган.
Коронавирус билан касалланган биринчи Голливуд актёри Том Хэнкс эди. У ва унинг рафиқаси Рита Уилсоннинг тест натижалари 13 март куни ижобий деб топилган. Бироқ кўп ўтмай, 17 март куни шифохонадан уйига жавоб берилган. Аммо ҳамон жуфтлик ҳамон карантинда.
Дунёнинг энг қиммат футболчиларидан бири Пауло Дибала ҳам 21 март куни вирус билан касалланган. Вирус унинг қиз ўртоғида ҳам аниқланган. У буни шахсан ижтимоий тармоқларда:
“Ҳаммага салом, шуни айтмоқчиманки, мен шунчаки коронавирус учун ўтказилган тест натижаларини олдим. Менда ҳам, Орианада ҳам тест натижалари ижобий чиқди. Биз ўзимизни яхши ҳис қиляпмиз. Қўллаб-қувватлаганингиз учун барчангизга раҳмат", деб ёзиб қолдирди.
Бир неча кун олдин Британиялик актёр Идрис Эльба вирус юқтиргани ҳақида хабар берган эди. Кейин у ўзини яхши ҳис қилаётгани ва ҳозиргача касаллик белгилари йўқлигини ҳам маълум қилган.
Aктёр вирус юқтиргани учун ҳозир ёлғизликда. Бироқ унинг хотини Сабрина эридан ажратишларини рад этди ва охир оқибат вирус унга ҳам юққани аниқланди.
Ольга Куриленкога 16 март куни коронавирус ташхиси қўйилган эди. Ҳозирда у деярли касалликни енгиб ўтди. "Бонд қиз"нинг таъкидлашича, биринчи ҳафтада у иситма ва бош оғриғи билан юқори ҳароратда юрган, иккинчи ҳафтада иситма ўтиб, озгина йўтал давом этмоқда.
"Тахтлар ўйини" сериалидаги Тормунда роли билан танилган норвегиялик актёр Кристофер Хивью коронавирус билан 17 мартда касалланган эди. Aйтилишича, вируснинг совуқ белгилари унда ҳалиям сезилиб турибди. Яъни ҳамон тузалгани йўқ.
Қироллик оиласини ҳам бу дард четлаб ўтмади. Ўтган ҳафтанинг бошида 62 ёшли монарх Монако шаҳзодаси Aльбер II тест синовидан ўтди ва унда коронавирус аниқланган эди. Бироқ Aльбер II ўз идорасида ишлашни давом эттирмоқда, у соғлиғи ҳақида ташвишланмаяпти.
25 март куни Буюк Британия қироллиги тахт вориси шаҳзода Чарльзда COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланди. Айтилишича, шаҳзоданинг омма олдидаги вазифалари кўплигидан у вирусни қаерда юқтириб олганини аниқлашнинг имкони йўқ.
Маълумот учун, 71 ёшли Уэльс шаҳзодаси Чарльз Филипп Артур Жорж Қиролича Елизавета II нинг тўнғич ўғли ва Бирлашган Қиролликнинг тахт вориси ҳисобланади.
Коронавирус туфайли биринчи юлдузли йўқотиш бу "Реал Мадрид"нинг собиқ президенти Лоренсо Санс эди. Санс клубни 2 марта Чемпионлар Лигасида ғолибликка эришишида кўмак берган.
Маълумот ўрнида, дунё миқёсида коронавирусга чалинганлар 472 076 кишини ташкил этмоқда. Ушбу касалликдан бугунгача 21 308 киши вафот этди. Касалланганларнинг 114 870 вирусдан буткул фориғ бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь