Италияда коронавирус қурбонлари сони 4 мингдан ошди
Олам
−
21 Март 2020
9314Бугун, 21 март ҳолатига дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони 275 427 нафарга етди. Шундан 88 250 нафари даволанди. Бу ҳақда Американинг Жон Хопкинс тадқиқот университети маълум қилди.
COVID-19 коронавируси қурбонлари сони 11 397 нафарга етди. Қурбонлар бўйича Хитойдан ўзиб кетган Италияда вирусдан 4032 киши ҳалок бўлган. Бу бир суткада 627 киши вирусдан вафот этди дегани.
Италияда 47 021 киши коронавирусга чалинган. Европада коронавирус ўчоғига айланган Италия ҳукумати янги-янги тақиқлов чораларини қўллаяпти. Истироҳат боғлари ёпилиб, кўчалардаги кўнгилочар фаолиятлар тўхтатиляпти. Шунингдек, темир йўл станцияларидаги дўконлар, АЁҚШлардаги кафе ва овқатланиш шохобчалари ҳам ёпиляпти. Дам олиш кунлари бир уйдан бошқасига ўтиш ҳам тақиқланди.
Испанияда коронавирусга чалинган 21 571 нафар бемор мавжуд. Бу ерда пневмония 1,1 мингга яқин одамни ҳаётдан олиб кетди. Қиролликда юқори тайёргарлик ҳолати амал қиляпти.
Германияда эса вирус юқтирганлар 19 848 нафарга етди. COVID-19 инфекциясидан ўлганлар 68 нафарга етди. Вирус авж олган Бавария ўлкасида одамларнинг уйини тарк этиши чекланди.
Францияда коронавирусдан вафот этганлар 450 нафарга етди, у ерда бир суткада қурбонлар 78 нафарга ортди. Мамлакатда COVID-19 коронавирусини юқтирганлар 12 632 нафарга етди.
Франциянинг Марсель шаҳри портига келган Costa Luminosa круиз кеммасидаги 36 кишида ҳам коронавирус аниқланди.
Маълумот учун, бундан аввал Diamond Princess круиз кемасининг 500 дан ортиқ йўловчисида коронавирус аниқланганди.
Польшада эпидемия режими эълон қилинди. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда 425 кишида коронавирус аниқланган, уларнинг 6 нафари вафот этган. Хорижликлар учун мамлакат чегараси ёпилган, халқаро авиа ва темир йўл ташувлари тўхтатилган. Шунингдек, 50 кишидан кўпроқ одамнинг бир жойга тўпланиши ҳам тақиқланган, барча таълим муассасалари ва кўнгилочар жойлар ёпилган
Швейцарияда эса 5 кишидан кўп одамнинг бир жойга тўпланиши тақиқланган, аммо умумий карантин эълон қилинмаган. Фуқароларга бир-биридан 2 метр узоқликда юриш мажбурий қилиб қўйилган. Қоидани бузганларга жарима белгиланди.
Хитойда бир суткада 41 кишида коронавирус аниқланган, етти киши ҳалок бўлган. Эпидемия ўчоғи бўлган Хубэй провинциясида бир суткада бирорта ҳам касалликка чалиниш ҳолати аниқланмаган. Эпидемия бошланганидан бери Хитойнинг материк қисмида жами 81 008 кишида коронавирус аниқланган, 3255 кишида коронавирус аянчли якунланган.
Жанубий Кореяда COVID-19 юқтирганлар 8799 нафарга етди, қурбонлар 102 нафар. Японияда COVID-19 вирусга чалинганлар сони 1728 нафарга етди. Шулардан 42 киши ҳалок бўлди, 61 кишининг аҳволи оғир деб баҳоланяпти. Шифохоналардан 766 киши даволаниб чиқди.
АҚШда коронавирус юқтирганлр 20 мингга яқинлашди, 249 киши ҳалок бўлди. Канадада коронавирус билан касалланганлар 925 нафарга етди, 12 киши ҳалок бўлди.
Туркияда эса COVID-19 билан касалланганлар 670 нафарга етди. Уларнинг 9 нафари вафот этди.
Парагвай, БАА, Исроилда коронавирусдан илк ўлим қайд этилди. Мадагаскар ва Зимбабведа илк бор коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд этилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь